Сахийлик – Исломий хулқларнинг афзали, мусулмон ижтимоий хусусиятларининг яхшиларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломдаги қайси нарса яхшироқ деб сўраб келган кишига, “таом беришинг, таниган ва танимаган кишига салом беришингдир”, деб жавоб берганлар.
Сахийлик, олийжаноблик сифатлари, мусулмон кишининг барча молини ворисларига қолдирмайдиган даражада сарфлаб, ҳаддан ошишни лозим қилмайди. Исломдаги ишлар мувозанатли ва мукаммал бўлиб, бири бошқасига зид келмайди. Тўғри, яхшилик йўлида молни сарфлаш, олийжанобликдир, лекин фарзандларни тиланчи ва сўровчи бўлиб қолишдан ҳам сақлаш вожиб амаллардан ҳисобланади. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўлим касаллигида ётганларида унинг ҳузурига, ундан хабар олишга келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулаллоҳ, менинг кўп молим бор, меросхўрларим фақат битта қизим, молимни учдан иккисини садақа қилайми?” деб сўрайди. У зот йўқ дейди. У ярмини садақа қилишни сўрайди. У зот яна йўқ деди. У молини учдан бирини садақа қилишни сўрайди. У зот “учдан бир, учдан бир ҳам кўп”, деб “Сен болангни беҳожат қилиб, қолдириб кетишинг, инсонлардан сўрайдиган қилиб қолдиришингдан яхшироқдир, Агар нафақа қиладиган бўлсанг, унга ажр оласан, ҳатто аёлингга олиб борган бир луқмадан ҳам“, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий, чинакам Сахийликнинг тирик мисоли бўлганлар, беришдан қўлларини қайтармаганлар, сўраб келган кишига, савол билан эътироз ҳам билдирмаганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралса, У зот ҳеч қачон йўқ демаганлар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоннинг қалбига дунёнинг таъсири борлигини билиб, қалбларни улфат қилиш ва исломга мойил қилиш учун, уни мана шу йўлда васийла сифатида фойдаланганлар. У зот исломга мол орқали кираётганларга берилаётган молни кўп-кўп берганлар, лекин берилаётган дунёни кўп бериб юбордим, демаганлар. Исломга кираётган кишининг мақсади аввалда мол-дунё бўлган, Ислом эса уни ўзининг чегарасига кирган вақтда маҳкам ушлаб, инсонларнинг ийлмон ва ислом жиҳатидан энг кучлиси ва яхшиси қилиб етиштирган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан исломга келиш учун бирон нарса сўраладиган бўлса, берганлар. У зотнинг ҳузурига бир киши келди, унга икки тоғ орасида қўйларни бердилар, у қавмига қайтиб Э қавм исломга киринглар! Албатта Муҳаммад (алайҳис- салом ) фақирликдн қўрқмасдан берадиган кишидир деб айтди”.
Агар киши исломни эмас, балки дунёни мақсад қилиб мусулмон бўладиган бўлса, кўп ўтмай унга ислом дунё ва ундаги нарсадан кўра яхшироқ бўлиб қолади. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам қўлидаги бор нарсани инсонларга тақсимлаб берганлар. Ўзлари ва аҳли оиласи учун бирон нарсани захира қилиб олиб қолмаганлар. У зотнинг ишлари хақли бўлган кишиларга яхшиликни қайтариш ва ўша яхшилик билан қаттиқ қалбларни юмшатиш, карамлик хулқларни уларнинг қалбида пайдо қилиш бўлган. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) ғазотидан қайтаётганда У зот билан бирга Жубайр ибн Мутиъм розияллоҳу анҳу ҳам бўлган Аъробийлар ғанимат молларидан сўраб Самура дарахти ёнига боргунга қадар борганлар. Бу дарахт тиконлари кўп бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ридоларини ўша дарахт устига қўйган эдилар, аъробийлар унга ёпишиб кетдилар. Шунда У зот “ридойимни беринглар, агар менда мана шу дархтнинг тиконлари ададича туя, қорамол бўлганида эди, сизларга тақсимлаб берган бўлардим ва мени бахил, ёлғончи ва қўрқоқ деб топмаган бўлар эдингизлар”, дедилар.
Давоми бор
Камолиддин Мирзаев, Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси






