Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳижратдан уч йил олдин туғилганлар. Набий алайҳиссалом вафот этганларида, бу саҳобий эндигина 13 ёшга тўлган эдилар. Шунга қарамасдан, Пайғамбар алайҳиссаломдан 1660 та ҳадис ёд олганлар. У киши дунёга келганларида оналари уни Набий алайҳиссалломнинг ҳузурларига олиб бордилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақалоқ танглайини ўз тупуклари билан кўтариб қўйдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ичига кирган илк озуқа Аллоҳ Расулининг муборак пок тупуклари бўлди. Гўдак саҳобий ичига муборак тупук билан бирга тақво ва ҳикмат кирди. У киши оқ-қорани ажрата оладиган ёшга етган пайтларида, Набий алайҳиссаломни соя ўз эгасини лозим тутганидек маҳкам тутдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилишни хоҳласалар, сувни ҳозир қилиб берар, намозга киришсалар, ортларидан туриб намоз ўқир ҳамда Пайғамбар алайҳиссалом сафарга отлансалар, орқаларига мингашиб олардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу улғайиб, юксак илм чўққисини забт этдилар. Саҳобалар орасида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илм чашмасидан энг кўп баҳраманд бўлган саҳобий бўлдилар. Олий даражага эришиб, илмни барчасини тўлиқ эгалладилар. У киши ҳар жиҳатдан улуғ мақомда бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндоши бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу илмининг юксаклиги, ислом умматининг олим кишиси ҳамда уммат илмининг бепоён денгизи эканлигида намоён бўлади. У киши ўта тақводор бўлиб, кундузлари рўзадор, кечалари бедор бўлардилар. Ҳаттоки, саҳар вақти Аллоҳдан қўрқиб истиғфор айтиб, кўп йиғлар эдилар. Шу сабабли кўз ёшлари яноқларини ўйиб юборган эди. Абдуллоҳ ибн Мулайка у зот ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Мен Маккадан Мадина томон сафар қилган вақтимда, ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ҳамсоҳиб бўлдим. Биз бир манзилда тунаб қолдик. Ярим кечаси у киши турдилар. Ҳолбуки, ёнидаги ҳамроҳлари чарчоқ, сабабли ухлаб қолишганди. Дарҳақиқат, мен у зотни тунда ушбу оятни (Қоф сураси 19 оят) тонг отгунига қадар такрор-такрор ўқиганлари ва тинмай йиғлаганларини кўрдим». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ислом умматининг етук олими, Аллоҳнинг китобини энг кўп билувчи, унинг таьвили (тафсири) борасида энг яхши тушунувчи, китобнинг сир-у асрорларини англашлик ҳамда унинг тубига етиб боришда энг моҳир эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу 61 йил умр кечирдилар ва шу муддат ичида бутун дунё илм, ҳикмат ҳамда тақвога тўлди. Аллоҳ барчаларимизни шундай мақом ва даражаларга етишимизга ёрдам берсин! Барча ўтиб кетган уламоларни Ўз раҳматига олсин! Омин!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси Акромов Фозил





