Ота онага оқ бўлишга сабаб бўладиган ишлар жуда ҳам кўп бўлиб, улар ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ўша сабаблардан бири фарзанд ота-онасини сўкишидир. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاص رضيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ :« مِنَ الْكَبَائِرِ شَتْمُ الرَّجُلِ وَالِدَيْهِ ». فَقَالُوا : يَا رَسُولَ اللَّهِ هَلْ يَشْتِمُ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ؟ فَقَالَ :« نَعَمْ يَسُبُّ أَبَا الرَّجُلِ فَيَسُبُّ أَبَاهُ وَيَسُبُّ أُمَّهُ فَيَسُبُّ أُمَّهُ ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши ота-онасини ҳақорат қилиши гуноҳи кабиралардандир”, деб айтдилар. Улар: “Эй, Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини ҳам ҳақорат қиладими?”-деб айтдилар. У зот: “Ҳа, у бир кишининг отасини сўкади, у ҳам унинг отасини сўкади ва у унинг онасини сўкади, натижада, у ҳам унинг онасини сўкади”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда шундай дейилган:
عَنْ عُرْوَةَ بْنِ عِيَاضٍ أَخْبَرَهُ أَنُّه سَمِعَ عَبْدَ اللهِ بْنَ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ يَقُولُ : مِنَ الْكَبَائِرِ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى أَنْ يَسْتَسِبَّ الرَّجُلُ لِوَالِدِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْاَدَبِ الْمُفْرَدِ.
Урва ибн Иёздан ривоят қилинади: У Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг шундай деяётганини эшитди: “Киши отасига сўкиш олиб бериши Аллоҳ таоло ҳузурида катта гуноҳлардандир”. Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” китобида ривоят қилган.
Демак, ота-онани сўкиш икки хил бўлиши мумкин:
1). Фарзанд ота-онасини тўғридан-тўғри ҳақоратлаб, уни сўкиши мумкин. Бу ҳолат жуда ҳам кам учраши мумкин.
2). Ўз ота-онасини очиқдан очиқ сўкмайди, балки, бировнинг ота-онасини сўкади ва уни лаънатлайди, натижада, улар ҳам бунинг ота-онасини сўкади. У бировларни сўкиши билан ўз ота-онасини сўккан ҳисобланади. Бу ҳолат эса, одамларнинг орасида кўплаб учрайди.
Шунга кўра, мусулмон киши ҳеч кимнинг ота онасини сўкмаслиги керак, акс ҳолда бу иши билан, ўз ота-онасини сўккан бўлиб қолар экан.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон





