Аллоҳ таоло инсониятни мукараррам қилиб яратди. Унга фикрлаш учун ақл, сўзлашиш учун тил бериб қўйди. Инсон ўйлаган фикрини тўлиқ ифодалаб бериши учун тилга муҳтож бўлади. Агар сўзлайдиган тили бўлмаса, фикрини бировга тўлиқ етказиб бера олмайди. Тилнинг инсонга қанчалик муҳим эканини ҳаммамиз ҳам ҳис қилавермаймиз. Бу неъматнинг қадрига етиш учун, Аллоҳ тилсиз яратиб қўйган, имо-ишора билан гаплашадиган инсонларни кузатадиган бўлсак, яхшигина ибрат оламиз. Шариъатимизда тилни сақлаш борасида кўплаб кўрсатмалар ворид бўлган:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: مَنْ يَضْمَنْ لِي مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ وَمَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ أَضْمَنْ لَهُ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсага кафолат берса, мен унга жаннатга кафолат бераман”, деб айтдилар. Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда икки жағ орасидаги нарсадан, тилни ҳаром, фисқ сўзлардан ва оғизни ҳаром луқма ейишдан сақлаш ҳақида айтилмоқда. Икки оёқ орасидан эса, жинсий аъзосини зино ва шу каби ҳаром ишлардан сақлаши ирода қилинмоқда. Бу ҳадисдан бу амаллар инсонга қанчалик муҳим эканлиги учун, эвазига пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан жаннатга киришига кафолат бериляпти. Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، قَالَ : قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ الْمُسْلمِينَ أَفْضَلُ ؟ قَالَ : « مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири афзалдир”, деб айтдим. У зот: “Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб айтдилар. Муттафақун алайҳ.
Демак, мусулмон киши ҳеч кимга тили ва қўлидан азият бермаслиги керак экан. Бу жойда тил қўлдан аввал зикр қилиниши, одатда тил томондан бўладиган азият қўлдан бўладиган азиятдан кўпроқ ва қаттиқроқ бўлишига ҳам ишора бор. Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ : قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللهِ مَا النَّجَاةُ ؟ قَالَ : « أَمْسِكْ عَلَيْكَ لِسَانَكَ ، وَلْيَسَعْكَ بَيْتُكَ ، وَابْكِ عَلَى خَطِيئَتِكَ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ, нажот нима?” – деб айтдим. У зот: “Тилингни тийгин, уйинг сени сиғдирсин ва хатоларингга йиғлагин”, деб айтдилар. Термизий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ : « مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْراً أَوْ لِيَصْمُتْ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, деб айтдилар. Муттафақун алайҳ.
Бу ҳадиси шарифда инсон фақат яхши гапларни гапириши ёки жим туриши лозим эканига кўрсатма бериляпти. Зеро, инсоннинг оғзидан чиққан сўзи фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлади. Шунга кўра, фойдали сўзлардан гапириши, бу қўлидан келмаса, жим туриши яхши экан. Бу ҳақида Абдуллоҳ Авлоний қуйидагича шеър айтган:
Сўйласанг сўйла яхши сўзлардин
Йўқса жим турмоғинг эрур яхши,
Ўйласанг яхши фикрлар ўйла
Йўқса гунг бўлмоғинг эрур яхши,
Ишласанг ишла яхши ишларни
Йўқса, бекорлиғинг эрур яхши.
Яна Абдулло Авлонийдан шундай шеър айтилган:
Сўзинг оз бўлсун, маъноли бўлсун
Эшитганлар қулоғи дурга тўлсин,
Сўзинг бўлса кумуш, жим турмак олтун,
Миси чиқғой сўзинг кўб бўлса бир кун
Кўпайган сўзни бўлгай тўғриси оз
Шакарнинг кўпидан ози бўлур соз.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, инсон тилида дунё ва охирати учун фойдали бўлган гапларни гапириши, ўзига ва бошқаларга зарарли бўлган сўзлардан сақланиши лозим экан. Фойдали гапи йўқми, энг яхши йўл жим туришдир.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон






