Мусулмон киши ўзининг либосларини кийиш вақтида “Бисмиллоҳ” деб бошлаш керак ва шу билан биргаликда у Аллоҳ таолонинг авратларни беркитиш буйруғига бўйинсуниш ниятини ҳам қилиши керак бўлади. Кийим кийишда қуйидаги дуо қилинади: «Ўзгартирмасдан, қувватимни кетказмасдан менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.”
Кийим кийишда инсонлар ҳузурида кийимини кўз-кўз қилиш, ўзини бировдан устун қўйиш ниятида бўлмаслиги керак.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу ҳар қачон янги кийим кийган пайитларида доимо ушбу дуони ўқир эдилар: «Эй Аллоҳ Сенга ушбу янги либосларни кийишга насиб қилганинг учун битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин. Ушбу либос ва уни либос қилиб кийган киши бахтли саодатли ва ҳусни-хулқли бўлсин! Бундан ташқари ушбу либосни кийган кишини ёмон амаллардан сақланишини сўрайман!»
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиб чиқиб у зот кийим кийишларида биз умматларга намуна бўлиб асосан уч нарсага эътибор қаратганлар, улар қуйидагича:
1) кийимни риё учун, мағрурланиш учун ва бошқа ёмон хулқлар учун киймас эдилар
2) ортиқчаликдан сақланганлар
3) ўзларининг ижтимоий мавқеларга яраша кийим кийганлар
Хабар ва манбаларга кўра У зотнинг барча кийимлари ўша даврга мос ва ўша қавмнинг анъанасига муносиб бўлгани тарихдан маълум. Пайғамбаримизнинг кийимлари асосан икки қисмдан иборат эди, биринчиси устки қисм бу ридо бўлса иккинчи пастки қисм изор эди. Оёқ кийимлари эса наълайн яъни замонавий сандалга ўҳшаш оёқ кийим бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ кийим кийишни хуш кўрар эдилар ва мусулмонларга ҳам шун рангдаги кийимни кийишни тавсия қилар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар: «Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у либосларингизнинг энг яхшисидир. Ва маййитларингизни ҳам унга (яъни оқ рангли матога) кафанланг!» (Абу Довуд ривояти). Аллоҳ таоло барчамизни суннатда белгиланган кийим кийиш одобларига риоя қилишни насиб қилсин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби Р. Ахунджанов






