“Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амру маъруф, наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топувчилар дир.” (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Агар динда эътироф этилган илмий даражага етмасдан хаттоки диний билимларни, шариат аҳкомларини ўрганмай ва уларга амал қилмай туриб, ҳамма одамлар мазҳабсизлик ниқобини кийса, нима бўлади? Агар одамлар ақидада тан олинган икки мазҳабдан бирига ва фиқҳда тан олинган тўрт мазҳабдан бирига эргашишдан, уларга қарам бўлиб қолишдан ва ижтиҳод майдонида эркин сайр қилишга ҳаракат қилсалар нима бўлади?
Бу саволларга жавобни ХХ асрнинг етук уламоларидан бири бўлган марҳум доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайхи ҳазратлари шундай жавоб берадилар:
Агар ҳамма одамлар уй-жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишсалар;
Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда кишилар шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига амал қилишдан воз кечсалар;
Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида одамлар ана шу ишлаб чиқариш мутахассисларига эргашишдан, уларнинг билим, тажриба ва маҳо- ратларидан фойдаланишдан воз кечсалар;
Агар ҳамма одамларни ана ўша мутахассисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиҳод қилишларига, изланиш ва ижтиҳоддан кейин келадиган шахсий қаноатига эътимод қилишга чақирадиган бўлсак, кейин одамлар ушбу даъватимизни тасдиқласалар;
Албатта, бу иш орқасидан келиб чиқадиган нарса – бу шубҳасиз, тамаддунни, экин-тикинни ва наслни барбод қиладиган бош-бошдоқликдир. Одамлар уйларини обод қиламан деб, ҳароб қилиб юборадилар, даволанаман деб, жонларини ҳалок қиладилар, ишлаб-чиқараман, саноат ва иқтисодни ривожлантираман деб, бошларига фақирликни ва таназзулни орттириб оладилар. Чунки улар ижтиҳодни ўз ўрнига қўя билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб, уни татбиқ қилдилар. Одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам бериш, илм ўрганиш ва тўғри йўлни топишда бир-бирлари билан боғлиқликларидан иборат Аллоҳ таолонинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар.
Барча одамларнинг ўша дунёвий соҳаларда ижтиҳод қилиш майдонига бостириб кирганларида пайдо бўладиган натижа барча одамлар шаръий илмлар ҳалол ва ҳаромга доир аҳкомлар борасида ижтиҳод қилиш майдонига бостириб келганда пайдо бўладиган натижанинг айни ўзидир.
Бугун бизда одамларнинг якка ва жамоат тарзидаги барча ҳолатларига алоқадор мукаммал бир фиқҳ борки, уни мужтаҳид имомлар ва уларнинг уламо издошлари излаб топишган ва ёзиб келишган. Зеро, бугун у кўз ўнгимизда намоён бўлиб, ҳол тили билан бизга: “Сизлар билан фуқаролик кодекси, жироий ва бошқа муаммоларингизда ушбу фиқҳни татбиқ қилишингиз ўртасида фақат уни ўзларингиз учун афзал бўлган қолипга солишингиз бор, холос!” деб турибди. Агар биз ана шу фиқҳий бойлигимизни ҳар бир мусулмон учун ижтиҳод бўронига ташлаб қўйганимизда, унинг тақдири шамоллар учириб юрган қуруқ ҳашакларнинг тақдири каби бўлиб қоларди. Оқибатда мустаҳкам фиқҳ иморатимиз ҳароб ҳолга келиб қолар, деворлари парчаланиб, ён-атрофга сочилиб кетган бўларди.
Бугунги мусулмон учун намоз, рўза, закот, ҳаж ва шахсий ҳаётида учрайдиган диний муаммоларнинг ҳукмларини тўрт мазҳабдан бирортаси асосида ёзилган ва шариат аҳкомларининг ҳулосасини ўз ичига олган ихчамгина бир китобчани ўқиш орқали тушуниб олишга кенг имкониятлар мавжуд. Модомики, у мужтаҳид эмас экан, саҳоба ва тобеъинларнинг улуғларидан фатво сўраган одамлар каби унинг шаръий аҳкомларини тушунмаслиги ёки уларга далил учун ҳукмларни топа олмаслиги гуноҳ бўлмайди.
Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят)
Ҳар соҳада ўзининг бурчларини, ҳожатларини адо этишда ва муаммоларини ҳал қилишда шу соҳанинг етук вакилларидан кўрсатмалар, панд-насиҳатлар олиб уларга амал қилса икки дунё саодатига эришади.






