Ибн Қоййим айтади:
“Инсоннинг комиллиги иккита аслга кўра бўлади:
1) Ҳақни ботилдан ажрата билиш.
2) Ҳақни ботилдан устун қўя билиш [1].
Аллоҳ таолонинг наздида инсонларнинг икки дунёдаги даражаси мана шу икки аслга кўра бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбарларини мана шу икки сифат билан мақтаб келтирган: “Ҳақни ажрата оладиган ва ҳақда тура оладиган даражада қувват эгалари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб (алайҳимуссалом)ларни эсланг”. (Сод сураси, 45-оят).
Инсонлар шу аслга кўра тўрт қисмга бўлинади:
Биринчи тоифа: Икки сифатни ҳам ўзларида жамлаган кишилар, Пайғамбарлар ҳаммаси шу қисмдан бўлиб, улар инсонларнинг энг улуғларидир.
Иккинчи тоифа: Буларнинг акси бўлиб, ҳақни ажратадиган илм ҳам йўқ, ҳақда тура оладиган қувват ва ҳиммат ҳам йўқ кишилар. Булар инсонларнинг кўпроғини ташкил қилади. Бу тоифадаги инсонлар фақат шу дунё лаззати билан овора ва қалблари қотган бўлади. Улар билан дўст бўлиш инсонга обрўсизлик келтиради.
Учинчи тоифа: Ҳақни ботилдан ажрата олади, илми бор, аммо қуввати, ҳиммати заиф инсонлар. Булар кучсиз мўъминлар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Кучли мўъмин кучсиз мўъминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқ”-деганлар.
Тўртинчи тоифа: Кучи, ҳиммати, шижоати бор, аммо ҳақни ботилдан ажрата оладиган илми йўқ. Булар ким дин ҳақида гапирса ҳақ экан деб эргашиб кетаверади. Эшитганини тўғри деб биладиган бўлади.
Буларнинг орасида фақат биринчи тоифадаги инсонлар бошқаларга ўрнак бўла оладиган ва инсонларни тўғри йўлга чақирадиган пешволар бўла олади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар бизларнинг оятларимизга аниқ ишониб, сабр қилганлари учун улардан бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган имомлар чиқардик”. (Сажда сураси, 24- оят).
Аллоҳ таоло уларнинг аниқ ишончи ва сабри туфайли шундай пешволикка эришганини айтди. Ва яна бутун инсоният хусронда эканини айтиб, фақат мана шу тоифагина омонда бўлишининг хабарини берди. Аср сурасида Аллоҳ таоло аср вақтига қасам ичди. Чунки у вақтда ҳамма инсонлар дунё ташвишлари билан овора бўлади. “Аср билан қасам. Албатта инсон хусрондадир. Магар, иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир)”. (Аср сураси).
Инсонлардан баъзилари илмий қуввати жуда етук, узоқни кўра оладиган, йўлда учрайдиган машаққатларни биладиган, аммо амалий қуввати заиф яъни, амалга келганда синовларга бардош беролмайдиган, қўрқоқ бўлганлари бор. Дин илмларида фақиҳ бўлади, аммо амалдаги синовларда заифлик қилади. Илм аҳлларининг аксари шу тоифадан бўлади.
Баъзи инсонлар эса амалий қуввати яъни иродаси, ҳиммати олий бўлади. Бу қуввати билан доим ибодатда, дунёда зуҳд билан ўтишни ва охират амаллари билан кўпроқ машғул бўлишга жидду-жаҳд билан ҳаракат қилади. Аммо илмда заиф бўлади-да, эътиқоддаги шубҳалар, ибодатдаги бидъат ва хурофотларни фарқлай олмайди. Бу илмсизликнинг оқибатидир. Биринчи тоифа илми бўлса-да, енгил ҳаётга ўрганиб, синовлар олдида иродаси ожизлиги оқибатидир.
Ҳозирги замонимизда илм йўлидан юрмай, илмсиз тариқат йўлини танлаганларнинг кўпи иккинчи тоифага киради. Булардан баъзилари гоҳида кимга ибодат қилаётгани ва нима учун ибодат қилаётганини ҳам билмайди. Гоҳида кўнглига ёққан услублар, қавми орасида одатга айланган нарсалар, хос кийимлар, гоҳида сеҳргар ва фолбинлар ўйлаб топган нарсалар билан ибодат қилишади. Хуллас, илмсизлиги туфайли, кўзларига қайси чиройли кўринса ўшани ибодат экан деб қилишаверади. Булар Аллоҳ таоло ва Унинг дини ва шариати ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарлар ва уларга туширилган китоблар ва улар келтирган шариатнинг асл моҳиятини билишмайди. Ва яна улар Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини, шу Пайғамбар алайҳиссалом келтирган дин ва шариатдан бошқасини ибодат деб қабул қилиб бўлмаслигини билмайдилар.
Энди кимдаки, мана шу икки сифат “илм ва ирода яъни, ҳиммат” топилса Аллоҳнинг розилигини топишда тўғри йўлдан бора олади. Унинг мақсадга етишига ва йўлда дуч келадиган машаққат ва тўсиқларни енга олишига умид қилинади. Ҳар бир ишда ўзига яраша машаққатлари бўлади. Бу машаққатлар бирма-бир енгиб ўтилади. Бу машаққатлар бўлмаса инсон имтиҳондан қандай ўтади? Аллоҳ таоло хоҳласа бу машаққат ва тўсиқларни олиб ташлаши мумкин, лекин бандаларини синаш учун хоҳлаганини қилади. Биз ҳар бир лаҳзамиздан унумли фойдаланишимиз лозим. “Вақт ўткир қиличга ўхшайди, ундан фойдаланиб кесиб қолмасанг, у ўзингни кесиб қўйиши мумкин”. Агар ибодат суст, ҳиммат паст ва илм заиф бўлса, ичимизда шайтон васвасаси, ташқарида ибодатдан чалғитувчи нарсалар кўп бўлади. Бу эса инсон учун оқибати катта мусибат бўлади. Магар, Аллоҳ таоло фазлу карами билан асраган кишиларгина Аллоҳнинг неъматларига эришиши мумкин.
[1] Бу маънода қуйидаги дуо ҳам келган: “Аллоҳим, менга ҳақни ҳақ қилиб кўрсат ва унга эргашишни насиб қилгин. Ботилни ботил қилиб кўрсат ва ундан узоқ бўлишнии насиб қилгин”. Булар илм берилган ва амалида қаттиқ азму-қарор қилиш билан қувватланган кишилардир. Бундай кишиларни Қуръони Каримда: “Иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар”, деб сифатланган. Ва бошқа оятда: “Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйган бўлсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи одам ўхшаш бўлурми?” дейилган. Тириклик билан азму-қарорга, нур билан илмга эришилади. Бу тоифа инсонларнинг пешқадамлари азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлардир.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Асадуллоҳ Холмуродов
«ҲИММАТ – МЎЪМИННИНГ ҚУВВАТИ» КИТОБИ






