Ҳазрат Мавлоно Анваршоҳ Кашмирий (р.а)нинг ҳаёт йўлига назар солган киши гўё “Шамоили Муҳаммадия” китобини ўқиётгандай бўлади. У зотнинг турмуш тарзини кузатган киши Ҳазратнинг бошдан оёқ суннатга ғарқ бўлганликларига гувоҳ бўлади.
Масалан, бирор йиғинда бир ҳадиснинг бирорта сўзи хато ўқиладиган бўлса ҳам, у зот жуда сиқилиб қолар эдилар. Улуғ ёшда бўлишларига қарамай, кунига беш юз варақ китоб мутолаа қилишни канда қилмасдилар. Ҳавас қилинса арзигулик одатлари – китобни ниҳоятда одоб сақлаб (ҳатто бетоб пайтларида ҳам), чўккалаб ўтириб ўқир эдилар.
Ҳазратнинг ихлосманд ва қатъиятли феълларига оид шундай бир машҳур воқеани ҳикоя қиладилар: Баҳавалпурда Қодиёнийлар ўзларининг мусулмонликларини маҳкамада исботламоқчи бўлиб, аҳли сунна уламола-рини баҳсга чақиришди. Бу пайтда ҳазрат Анваршоҳ Кашмирий (р.а) бемор эдилар. Ёз ойлари, ҳаво жуда иссиқ эди. Бошқа машҳур уламолар Ҳазратни аяб, “Сиз беморсиз, шу сабабдан узрлисиз, бормасангиз ҳам бўлади”, – деб маслаҳат беришди ва: – Биздан ким боришини буюрсангиз, ўша хизматга ҳозир бўлиб, Баҳавалпурга боради”, деб Ҳазратни хотиржам қилмоқчи бўлишди. Лекин Ҳазрат бу маслаҳатга кўнмадилар ва маҳкамага бордилар. “Сўзларингизни олмаганим учун мендан ранжиманг, чунки мен Қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг шаъним устида бўлаётган муҳокамага нима учун сафар қилмадинг?”, деб мени шафоатдан маҳрум қилмасинлар деб шундай қилдим”, дедилар.
Ҳазрат маҳкамада беш соат тик оёқда туриб, далиллар келтирдилар, илму ирфонда соҳилсиз денгиз эканликларни намойиш этадилар. Ҳазрат шундан сўнг, “Агар маҳкаманинг қарори менинг ўлимимдан кейин чиқса, уни менинг қабрим тепасига бориб, ўқиб беринглар”, деб васият қиладилар. Дарҳақиқат, у зот маҳкама қарори чиққунича вафот этдилар. Қарор чиққач, Мавлоно Муҳаммад Содиқ деган издошлари Баҳавалпурдан Девбандга келиб, Ҳазратнинг қабри устида уни баланд овозда ўқиб беради.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мирзаев Камолиддин






