Севикли дўстим, дунёга қадам босар эканмиз, хеч биримиз битмас туганмас бахт, доимий ҳузур-ҳаловат ёки моддий тўкисликни бизга таклиф этгувчи бирор бир шартномага имзо чекмаймиз. Туғиламиз, холос. Ва кўп ўтмай ҳам вужудан, ҳам қалбан ҳис этамиз, кўрамизки, ҳаёт деганлари силлиқ ва равон йўл дегани эмас. Шоир айтганидек: Тиконлари чиқар йўлдан. На-да тикон, турфа илонлари чиқар йўлдан… Яъни, кутилмаган синовлар, машаққату мусибатлар қаршимизда кўндаланг бўлади. Шунда қандай йўл тутамиз? Нажот қай ерда?.. Бизни яратган Аллоҳ, имтиҳон қилгувчи ҳам Ўзи, демакки, нажот ҳам Ўзидан. Фақат У бандасининг тақвосига, ишончига эътиборан ажр беради. Қалбларни яратган Зот, қалбларга шифодир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:
“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан”.
Энди Аллоҳ таоло ҳар доим бизга яқинлиги ҳақида Ўзи сўзлаб турган экан, қандай қилиб ёлғизликни, маҳзунликни ҳис қилиш мумкин? Аллоҳга яқин бўлинг, ҳаетингиз гўзал ўтсин. Аллоҳга тақво қилинг, қалбларингиз ором олсин. Дуога қўл очар эканмиз, аввал қалбимизни поклаб олайлик. Ғофил қалб ила қилинган дуони Аллоҳ қабул қилмайди. Дуо қилдим, ижобат бўлмаяпти деб сабрсизланманг.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар банда шошилмаса, дуоси ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.
Аллоҳга яқинлаштирувчи йўлларни ахтаринг. Намозда қоим бўлиш, Қуръони Каримни тиловат қилиш, илм олиш, сийлаи раҳм қилиш… булар бари бизни Роббимизга яқинлаштиргувчи амаллардир. Роббимизга яқинлашганимиз сари эса, қалбимиз равшан тортади. Умр йўлларимиздаги тиконлару илонларни енгиб ўтишимиз осон кечади. Шундай экан, нажотни ўзга ердан излаб овора бўлманг, қалб шифоси фақат Аллоҳдадир.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Абдулҳаким Аброров





