Мулла Али ал-Қори ҳақидаги маълумотлар асосан ўрта аср манбаларида, қисман олимнинг ўз асарларида ҳам келтирилган. Унинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун”, Муҳаммад ал-Муҳиббийнинг “Хулоса ал-асар фий аъён ал-қорн ал-ҳадий ъашар” ва аш-Шавконийнинг “Ал-бадр ат-толиъ” асарлари асосий манба бўлиб ҳисобланади.
Муҳаммад ал-Муҳиббий “Хулоса ал-асар фий аъён ал-қорн ал-ҳадий ъашар” номли китобида: “Мулла Али ал-Қори фозил илм пешволаридан, энг намунали етук тадқиқотчилардан бири бўлиб, ўз асрининг беназир олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишида ўта моҳир, имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутаккалим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос бўлган. Унинг шуҳрати ва донғи бутун ислом дунёсига таралган бўлиб, унда ақлий ва нақлий билимлар мужассам эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахассис бўлган”, деб келтиради[1].
Мулла Али ал-Қори Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрларининг етук уламоларидан таълим олган бўлиб, уларнинг кўплигидан санаб саноғига етиб бўлмайди. Илм олиш мақсадида барча йўлларни босиб ўтди. Унинг устозлари орасида араб миллатига мансублари ҳам кўп эди. Мулла Али ал-Қори ўзи илм олган замонасининг ягона уламолари ва фазилатли шайхларидан қуйидагиларни ўз асарларида келтириб ўтган:
- Шиҳобуддин Абу ал-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Али Ҳажар ал-Ҳайтамий ас-Саъдий ал-Ансорий аш-Шофеъий ал-Мисрий ал-Маккий. Фақиҳ, муҳаққиқ, муфтий. “Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий” номи билан машҳур. Вафоти ҳижрий 973 сана.[2]
- Аллома Алоуддин ибн Ҳисомуддин Абдулмалик ибн Қозихон ал-Қураший ал-Жўнғурий ар-Риҳонфурий ал-Ҳиндий ал-Маданий ал-Маккий. Муҳаддис ва фақиҳ. “Али ал-Муттақий ал-Ҳиндий” номи билан машҳур. “Канз ал-ъуммол мин сунан ал-ақвал вал-афъал” китобининг муаллифи. Ҳижрий 975 санада Маккаи Мукаррамада вафот этган.[3]
- Муҳаммад Саийд ибн Мавлоно Хўжа Ҳанафий ал-Хуросоний. Муҳаддис. “Мир Аллон” номи билан машҳур. Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ҳижрий 981 санада вафот этган.[4]
- Шайх Зайниддин Атиййа ибн Али ибн Ҳасан ас-Салмий ал-Маккий аш-Шофеъий. Муфассир, фақиҳ. Шайхул муслимийн, ўз даврида Макканинг олими ва фақиҳи бўлган. Маккаи Мукаррамада ҳижрий 982 санада вафот этган.[5]
- Аллома шайх Мулло Абдуллоҳ ибн Саъдиддин ал-Урий ас-Синдий ал-Маккий ал-Ҳанафий. Муҳаддис, мусаннид, фақиҳ, қози, етук олим. Маккаи Мукаррамада ҳижрий 984 санда вафот этган.[6]
- Шайх Абул Исо Қутбиддин Муҳаммад ибн Алоуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ан-Наҳрвоний ал-Ҳиндий ал-Маккий ал-Ҳанафий. Муфассир, муаррих (тарихчи-тарихнавис), мударрис, муфтий. “Ал-Қутбий” номи билан машҳур. Маккаи Мукаррамада ҳижрий 990 санада вафот этган.[7]
- Шайх Шиҳобуддин Аҳмад ибн Бадруддин ал-Аббосий аш-Шофеъий ал-Мисрий ал-Ҳиндий. Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида ҳижрий 992 санада вафот этган. Фақиҳ. Али ал-Қори ундан Маккаи Мукаррамада илм олган.[8]
- Шайх Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Жалолиддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Аҳмад ал-Бакрий ас-Сиддиқий аш-Шофеъий ал-Мисрий. Муҳаддис, фақиҳ. Маккаи Мукаррамада ҳижрий 993 йилда вафот этган.[9]
- Шайх Синонуддин Юсуф ибн Абдуллоҳ ал-Амосий ар-Румий ал-Ҳанафий ал-Маккий. Фақиҳ, воиз. Маккаи Мукаррамада ҳижрий 1000 санада вафот этган.[10]
- Шайх ас-Саййид Закариё ал-Ҳусний. Бу зот Имом Раббонийнинг шогирди бўлган. Уларнинг талабалари: Исмоил ибн Абдуллоҳ аз-Зувоний. Муҳаддис, мусаннид.[11]
Бундан ташқари етук алломалардан: Ҳожа Абдуллоҳ ас-Самарқандий ан-Нақшбандий, Шайх Али ал-Муттақий, Шайх Миркалон ва бошқа кўплаб устозлардан илм олган. У киши ноёб заковат, ўткир зеҳн, нозик фаҳму фаросат ва комил ақл соҳиби бўлган. Илм олиш йўлида унга дуч келган барча машаққатларни сабр ва матонат билан енгиб ўтган. Мулла Али ал-Қорининг юқорида номлари зикр этилган барча устозлари силсила орқали келаётган ишончли илм соҳиблари бўлишган. Мулла Али ал-Қори мана шундай етук устозлардан илм олиш шарафига муяссар бўлган.
Асатуллаев Фарҳод Равшан ўғли
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси
[1] Муҳаммад ал-Муҳиббий. “Хулосат ал-асар фий аъён ал-қорн ал-ҳадий ъашар”.
[2] “Шузурот аз-заҳаб”, 8 жилд, 370 бет; “Хулоса ал-асар”, 2 жилд, 166 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 17 бет
[3] “Шузурот аз-заҳаб”, 8 жилд, 399 бет; “Ҳадиййа ал-орифийн”, 1 жилд, 746 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 17 бет
[4] “Нузҳа ал-хавотир”, 4 жилд, 331 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 17 бет
[5] “Ал-аълом”, 5 жилд, 33 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 18 бет
[6] “Шузурот аз-заҳаб”, 8 жилд, 304 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 18 бет
[7] “Шузурот аз-заҳаб”, 8 жилд, 420 бет; “ал-Аълом”, 6 жилд, 234 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 18 бет
[8] “Шузурот аз-заҳаб”, 8 жилд, 426 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 18 бет
[9] “Ал-бизоъа ал-музжот”, 13 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 18 бет.
[10] “Ҳадиййа ал-орифийн”, 2 жилд, 565 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 18 бет.
[11] “Ал-бизоъа ал-музжот”, 5 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 18 бет.






