2021 йил 6 декабрь куни «Кўкалдош» ўрта-махсус ислом таълим муассасасида ўқитувчилар ва талабалар иштирокида “Конституция – бахтимиз қомуси, тараққиётимиз пойдевори” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирни юқори савияда ташкил қилиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети “Конституциявий хуқуқ” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Бегзод Наримонов ва Тошкент давлат юридик университети таълим сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи, юридик фанлари доктори Бегзод Мусаев таклиф қилинди. Тадбирни билим юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди. Кейин юридик фанлари доктори Бегзод Мусаев сўзга чиқиб, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг шаклланиши, сўнгги йилларда ҳуқуқ соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирди. Билим юрти талабаларига диний илм билан бир қаторда дунёвий билимлар, хусусан, ҳуқуқий билимларга ҳам аҳамият қаратишни тавсия қилди.
Ундан сўнг сўзга чиққан Тошкент давлат юридик университети “Конституциявий хуқуқ” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Бегзод Наримонов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи ва жараёнларига тааллуқли маълумотларни айтиб берди. Б.Наримонов нутқидаги Конституция қабул қилинишидан олдин Олий Кенгаш томонидан 64 кишилик конституциявий комиссия тузилганлиги, Комиссия таркибида Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этгани, Бош қомуснинг бош тамойили халқпарварлик ва халқчиллик экани, 97 давлатдан кўплаб экспертлар Конституция матни билан танишиб, ўз хулосаларини берганларидан кейингина амалиётга татбиқ этилгани ҳақидаги маълумотлар тингловчилар эътиборини тортди.
Муассаса раҳбарияти ҳуқуқшунос устозларга миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам тадбирларда ҳамкорликда фаолият юритишликни таклиф қилдилар. Талабалар эса Конституция борасидаги ўз илмларини янада кенгайтирдилар.
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати









