Инсон эсини таниганидан бошлаб ўз ҳаёти давомида кимгадир ўхшашга, кимгадир тақлид қилишга ҳаракат қилади. Кимдир бирор киноактёрга, кимдир бирор машҳур спортчига, яна кимдир эса бирор ҳонандага тақлид қилади. Кийиниши, юриш-туриши ҳаттоки, гапиришида ҳам уларга ўхшашга тиришади, қисқа қилиб айтганда, уларга мухлис бўлади. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблаган киши бу борада саҳобалардан кўра афзал ўрнак йўқ эканлигини яхши билади. Зеро, Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 110 -оятида уларга хитобан “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз” деб марҳамат қилган. Пайғамбар алайҳиссалом эса, улар ҳақида “Саҳобаларим юлдузларга ўхшайди. Қайси бирига эргашсангиз ҳам тўғри йўлни топасизлар” деганлар. Инсонлар тоғу тошда чўлу биёбонда юлдузларга қараб тўғри йўлни топганларидек, мусулмонлар ҳам мана 1400 йилдан бери саҳобаларга эргашиб тўғри йўлдан адашмай келишмоқда. Шунинг учун саҳобаларни таниш бугунги кунда зарурий ишлардан ҳисобланади. Уламоларимиз саҳобаларнинг таржимаи ҳолларини ёритиб кўплаб китоблар тасниф қилишган ва бу орқали дин ривожига улкан ҳиссалар қўшишган. Биз ҳам ушбу мақолани шу ҳизмат йўлида денгиздан бир томчи деб билдик. Саҳобаларнинг исми шарифлари ҳамда энг машҳур сифатларини ёнма ён шаклда келтириш услубини ўзимизга танладик. “Инсоният юлдузлари” туркум мақолаларимизнинг биринчи қисмини “Ашараи мубушшара” яъни “Жаннат башорати берилган ўн саҳоба” деб номладик. Аллоҳ бошлаган ишларимизни хайрли ва барчамизга манфаатли қилсин!
Ашараи мубашшара
- Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёри ғор биродарлари
- Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу – Ал-Фарууқ. Ҳақ билан ботил ўртасини ажратувчи.
- Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу – Зуннурайн. Фаришталар ҳаё қилган саҳобий.
- Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссалом “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир” деганлар.
- Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссаломнинг хаворийлари.
- Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу – Уҳуд жангидаги тан соқчилари, “Тирик шаҳид” унвонига сазовор бўлган саҳобий.
- Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссалом “Ота-онам сенга фидо бўлсин, эй Саъд” деган саҳобий.
- Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу –уммат амини
- Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу –энг бой саҳобалари.
- Саид ибн Заид розияллоҳу анҳу – дуоси мақбул зотлардан.
“Кўкалош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси
Тошматов Каримуллоҳ манбалар асосида тайёрлади






