Баракали ҳаёт кечиришда молу-давлатни ҳалол ва пок меҳнат билан бўлиши аҳамиятли бўлганидек, уни ўз ўрнига қўйиб сарфлаш ҳам баракага сабаб бўлади.
Муқаддас ислом дини мол-дунёга тўрт эътибордан қарайди:
1. Неъмат. Шукр қилмоқ лозим.
2. Омонат. Риоя қилмоқ лозим.
3. Зарурат. Жамламоқ лозим.
4. Фитна. Эҳтиёт бўлмоқ лозим.
1. Неъмат. Инсонга берилган мол-дунё неъматдир. Дунёнинг обод ва фаровонлиги моли-дунёнинг баракаси билан бўлади. Банда берилган неъматга шукр қилса савоб топади. Закот, ҳаж ва бошқа ибадатларни қилиш билан ажр олади. Ёрдамга муҳтож мискин ва камбағалларга хайр-эҳсон қилса жаннатдаги даражаси кўтарилади. Дунё ва охиратни обод қиладиган солиҳ мол солиҳ кишининг қўлида бўлса, бу улуғ неъматдир. Неъматни шукри молу-давлатни ўз ўрнига сарфлашдир.
2. Омонат. Аллоҳ таоло инсоннинг қўлига мол-дунё тасарруфини омонат қилди. Ислом инсонга мол-дунё Аллоҳ таолоники экани, инсон эса унга омонатдорлиги, ҳақиқий эгаси эса Аллоҳ таоло эканининг таълимини берди. Чунки инсонни ҳам, мол-дунёни ҳам Аллоҳ таоло яратган. Шунинг учун Қуръони карим оятларида Аллоҳ таоло бандаларига “биз берган молдан инфоқ қилинглар” маъносида хитоб қилади.
وَأَنْفِقُوا مِمَّا جَعَلَكُمْ مُسْتَخْلَفِينَ فِيهِ (7)
“У сизлaрни xaлифa (ўринбосар) қилиб қўйгaн нaрсaлaрдaн (бoйликлaрдaн) эҳсoн қилинглaр!” (Ҳадид 7) Яъни, сизни унга ўринбосар қилган.
Мана шу ва шунга ўхшаш оятларда инсоннинг қўлидаги мол-дунёнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло бўлиб, инсон эса Аллоҳ талодан ўринбосар ва вакил бўлиб сарфлайди. Мол-дунё инсоннинг қўлидаги Аллоҳ таолонинг омонатидир. Мол-дунёнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло экан, мол-дунё сарфлашда исроф қилиш хиёнат, ўз ўрнига сарфлаш омонатдорликдир.
3. Зарурат. Инсоннинг мол-дунёга эҳтиёжи ва зарурати бор. Инсон фаришта эмас. Инсон еб-ичиш, кийиниш, маскан тутиш ва даволаниш каби нарсаларга эҳтиёжли қилиб яратилган. Бундай эҳтиёжларни амалга оширишда мол-дунё талаб қилинади. Мол-дунё якка шахсга ҳам, жамиятга ҳам зарур бўлган нарсадир. Чунки якка шахснинг ҳам, жамиятнинг ҳам гуллаб яшнашида мол-дунёнинг ўрни беқиёсдир. Мол-дунёси бўлмаган умматни, мол-дунёси бўлмаган жамиятни, мол-дунёси бўлмаган давлатни иззатли, кучли, қудратли ва бахтли деб бўлмайди.
Демак мол-дунё касб қилишлик, тўплашлик, жамлашлик лозим бўлган заруратдир.
4. Фитна. Молу-давлат баъзиларни алдайди, ғурурлантиради ва туғёнга етаклайди. Унинг бундай фитналаридан сақланиш лозим.
إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ وَاللَّهُ عِنْدَهُ أَجْرٌ عَظِيمٌ (15)
“Сизлaрнинг мoл-мулклaрингиз вa фaрзaндлaрингиз фaқaт бир фитна (синoв)дир. улуғ мукoфoт эсa Aллoҳнинг ҳузуридaдир.” (Тағобун 15)
Мол-дунёнинг фитна эканини ҳам унутмай, уни фақат қўлда омонат тарзда сақлаб, ўз ўрнига сарфлаган барака билан яшайди. Мол-дунёнинг фитнасига учраб, унга қалбдан муҳаббат қўйса, мол-дунёнинг қули бўлса, ҳаётнинг баракасини кўрмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадиси муборакларида мол-мулкка шукр қилишга, ўз жойига сарфлашга, етарлича унга эга бўлишга ва мол-дунёга фитналаниб қолмасликка тарғиб ва ташвиқ қилганлар. Меҳнат эвазига ишлаб топилган мол-дунёни беҳуда сарфлаш, уни нест-нобуд қилиш исроф ҳисобланади.
Имом Журжоний: “Мол-мулкни керакли ўринларда нафақа қилишда чегарадан чиқишни исроф”-деб таъриф берганлар. Бу таърифга кўра бой ҳам, камбағал ҳам исрофга йўл қўйиши мумкин.
Бу ҳақда Имом Суфён Саврий раҳматуллоҳ алайҳ: “Аллоҳ тоатидан чиқиб қилинган озгина нафақанг исрофдир”-дейди.
Абдуллоҳ ибн Аббос: “Ўринсиз жойга қилинган бир дирҳам нафақа исрофдир”-дейди.
Асарларда “Агар ҳалол ишда Уҳуд тоғининг мислича тилло нафақа қилсанг ҳам исроф қилувчи бўлмайсан. Агар ҳаром ишда бир дирҳам нафақа қилсанг ҳам исроф қилувчи бўласан” – дейилади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло исрофнинг зараридан барчани огоҳлантириб айтади:
وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ سورة الآعراف/31
яъни: “Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.
Аллоҳ таоло емакда, киймакда, яшашда ва нафақа қилишда ўртача йўлни тутганларни, бахилу исрофгар бўлмаганларни мадҳ этиб, бундай дейди:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا سورة الفرقان 67
Яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.
Ривоят қилинишича халифа Абдулмалик ибн Марвон ўзининг қизлари Фотимани Умар ибн Абдулазизга турмушга бераётган пайтда куёв бўлмиш Умар ибн Абдулазизни синаб кўриш учун унга савол берган экан: Эй Умар, таъминотингиз қандай бўлади? Умар ибн Абдулазиз жавоб бериб: Эй мўминларнинг амири, таъминотим икки ёмонлик ўртасидаги бир яхшилик бўлади, дебди ва ушбу оятни ўқибди: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон 67). Халифа бу жавобдан уларнинг таъминоти енгилгина бўлишидан хотиржам бўлди.
Ҳикматларда айтилади: “Исрофда яхшилик йўқ, хайр-эҳсонда исроф йўқ”. Шунга кўра инсон бор мол-мулкини савоб йўлларга сарфлаб тугатса-да, у исроф қилувчи бўлмайди. Аммо ноҳақ ва ҳаром ишга молини оз бўлса-да сарфласа, у исрофгарчиликка йўл қўйган бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Холмўминов Жалолиддин






