Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари раисликларида олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида диний таълим сифатини янада ошириш, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқбол режаларга бағишланган онлайн мулоқот ўтказилди.


Шунингдек, Муфтий ҳазратлари мударрислик мақоми жуда ҳам улуғ вазифа экани, масъулияти ҳам шунга яраша катта бўлиши, ушбу мақом эгаларининг Аллоҳнинг олдида омонатдорликлари борлиги, имом-домлаларни тайёрлаш ўта нозик ва ҳассос масала эканига катта урғу қаратдилар.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари, жумладан, 3 та олий – Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари сўзга чиқдилар.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири М.Насриев сўзга чиқиб, диний таълим, хусусан таълим муассасаси таълим тизими, таълим бериш учун яратилган шароитлар ва бу йўналишда қилинган ишлар ҳақида айтиб ўтди ҳамда келажакда бажарилиши режалаштирилган муҳим масалалар бўйича фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини берди.
Нотиқлар Давлатимиз раҳбари томонидан профессионал диний соҳа ходимларини тайёрлаш учун жуда кенг имкониятлар яратилаётганини сўзлаб, етишиб чиққан кадрлар бугунги мураккаб даврда мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла қондира олиши, диний таълим жараёнларида дунёвийлик ва динийликни ҳамоҳанг олиб бориш, ахборот-ресурс марказларини бойитиш, устозлар малакасини ошириш, ихтисослик фанларига урғу қаратиш ва илоҳиёт олимлари етиштиришни йўлга қўйиш каби жиҳатларга алоҳида тўхталдилар.
Амалий таклиф-ташаббуслар ва ҳаётий фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.







