1453-йил 6-апрел – 29-май.
1448-йили Ҳуняди исмлик Венгер саркардаси бошчилигида 30.000 насоро ритсарлари Европага хавф солаётган Усмонийларга қарши салб юришини амалга оширади. 17-20 Октябр 1448-йили Косово майдонида бўлиб ўтган ва Иккинчи Косово жанги деб тарихга кирган ушбу жанг Султон Мурод II нинг ишончли ғалабаси билан якун топади. Бу жанг Болқон давлат ва халқларининг Усмонийларга қарши сўнгги катта қаршилиги эди ва энди Византия давлати ёрдамсиз қолгани аён бўлади.
3 йил ўтиб тахтга Мурод II нинг ўғли Муҳаммад келди. 19-яшар ёш султон отаси ва боболарининг орзусини ушалтиришга: Қустантиния шаҳрини забт этишга тайёрлана бошлади. Яна 2 йил ўтиб юриш ҳам бошланди. Бу юришга 100.000 кишилик лашкар, 69та оғир артиллерия ва 126 та кема ҳозирланди. Византия пойтахти ҳимоясида эса 7000 кишилик гарнизон, 600 кишилик Усмоний шахзодаси Орҳаннинг аскарлари, 26 та кема, 15та пушка ва қўшимча халқ вакиллари бор эди. Аммо шаҳар деворлари баландлиги 12, қалинлиги 4 метр бўлиб, бу ўша даврдаги энг мустаҳкам қалъалардан эди. У тарихда фақатгина бир маротаба ишғол қилинган эди.
Турк қўшини авангарди шаҳарга 2-апрелда, султон бошлиқ асосий қўшин 6-апрелда етиб келди. Император Константин дарҳол шаҳарни мудофаасига киришди ҳамда Олтин шох кўрфазига киришни тўсиш учун икки қирғоқ орқали занжир торттириб қўйди.
Кўпчиликнинг тасаввурида Султон Муҳаммад Қустантинияга осиё тарафдан борган. Аммо ҳақиқатда, Султон ўз қўшини билан юришга Европада жойлашган, ўша даврдаги Усмонийлар пойтахти Эдирнадан йўлга чиқган. Эдирне билан Қустантиния ораси салкам 240 км. Йўлдаги шаҳар ва қишлоқ аҳолиси мусулмон қўшини келаётганини эшитиши биланоқ ўз уйларини ташлаб қочишган. Йўлда озиқ-овқатга муҳтож аскарлар эса мажбуран йўлдаги боғлардан мева-чеваларни узиб, пулини шохларга боғлаб, қўй-молларни ҳам олиб, сўйиб, ҳаққини бошқа қўйларнинг шохига бойлаб кетишади.
Шаҳар қамали бошлангач султон Византия императорига ултиматум қўяди, аммо у рад этилади. Шундан сўнг 6 ҳафта давом этган бомбардимон бошланади. Усмонийлар пушкалари орасида 2 та ўта катта пушкалар бор эди. Улардан бирининг номи “Базилик” бўлиб, стволи 8-12 метр, калибри 73-90 см ва снаряди оғирлиги 500 кг эди. Бу пушкалар шаҳар дарвоза ва деворларига катта талофотлар кўрсатади. Аммо уларни қайта ўқлашга 3 соатдан ошиқ вақт кетарди ва бу вақт оралиғида мудофаачилар шикаст етган деворларни бирмунча таъмирлашга улгуришар эди.
Турк кемалари Олтин Шох (Мугул) кўрфазига икки соҳил орасида тортилган занжирлар сабаб ўта олишмас эди. Бунга қарши 22-апрел куни ажойиб инженер ечимни ишга солишади. Унга кўра, ҳозирги трамвай релъсларига ўхшаш тахта релъслар ясалади ва буқалар ёрдамида 70та кема шу релъслар устидан юрғизилиб Ғалата тепалиги орқали занжирларни айланиб ўтади ва Олтин Шох кўрфазига тушиб олишади. Бу туркларга шаҳарга шимолдан ҳам ҳужум қилиш имкониятини яратади. Энди мудофаачиларнинг бир қисми шимолга кўчишга мажбур бўлишади. Бундан ҳайрон қолган греклар узоқ вақт нима қилишни билмай қолишади ва ниҳоят 28-апрелда жавоб штурмини ўтказишади лекин мардонавор жанг қилган турклар сабаб тезда ортга чекинишади.
Сўнгра бир ой давомида турклар шаҳарга турли томонлардан бир қанча ҳужумлар уюштириб туришади. Орадан шаҳардагиларга таслим бўлиш бўйича таклифлар юборилади, аммо барчасига рад жавоби берилади. 26-27-май кунлари турклар ўз артиллериясини шаҳар деворларига яқинроқ олиб келишади ва тўхтовсиз ўқ отишади. 28-май куни турк қўшини орасида дам куни деб эълон қилинади, 29-май куни эса бутун фронт бўйлаб ҳужумга ўтишади. Айнан шу куни Романус дарвозаси яқинидаги девор бузилади ва бир гуруҳ яничарлар Ҳасан исмлик паҳлавон ёрдамида шаҳарга киришга муваффақ бўлишади ва девор тепасида турк байроғини ўрнатишади. Бу мудофаачиларнинг моралига салбий, ҳужумчиларга эса ижобий таъсир қилади. Кейинчалик кун бўйи жанглар шаҳар кўчаларида давом этади.
Византия императори Константин XI шу жангда ўлдирилган. Шаҳарни турклар эгаллаши 1000 йилдан ошиқ яшаган Византия империяси йўқ бўлишига олиб келади. Султон Муҳаммад Фотиҳ шаҳарни олгач пойтахтни шу ерга кўчиради ва шаҳарнинг шарқий соҳилида Тўпкапи саройини қурдиради. Бундан ташқари шаҳар рамзи бўлмиш Ая София черковини масжидга айлантиради. Бу масжид Усмоний империясининг сўнгги кунларигача бош жомеъ масжиди ва Фатҳ рамзи сифатида бўлиб қолди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Илҳомий Икромбек






