Олий ҳимматлик
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийникига бордилар. Аъробий у зотни икром қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Бизнинг олдимизга бор”, дедилар. У келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй аъробий ҳожатингни сўра”, дедилар. Аъробий: “Эй Расулуллоҳ, минишимиз учун битта туя, оилам сутини соғиб ичадиган эчки хоҳлайман”, деб сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Бани Исроиллик кампирчалик ҳам бўлолмадингларми?” дедилар.
Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, Бани Исроиллик кампир ким?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусо алайҳиссалом Бани Исроил билан кетаётганида йўлдан адашди. Бани Исроилнинг олимлари: “Юсуф алайҳиссалом ўлими олдидан Мисрдан унинг жасадисиз чиқиб кетмаслигимиз ҳақида биздан ваъда олган”, дедилар.
Мусо алайҳиссалом “Қайси бирингиз Юсуф алайҳиссаломнинг қабри қаердалигини биласиз”, деди.
Улар: “Биз билмаймиз, фақат орамиздаги бир кампиргина билади”, дейишди. Мусо алайҳиссалом кампирнинг олдига борди ва “Мени Юсуф алайҳиссаломнинг қабрига олиб бор”, деди.
Кампир: “Аллоҳга қасамки сўраганим берилмагунича бу ишни қилмайман”, деди. Мусо алайҳиссалом “Нимани сўрайсиз?” дедилар. Кампир: “Сиз билан жаннатда бирга бўлиш” деди.
Мусо алайҳиссалом кампирнинг гапини хуш кўрмади. Мусо алайҳиссаломга “Сўраганини бер”, деб ваҳий бўлди. Кампирга сўраганини берди (яъни дуо қилдилар). Кейин кампир бир кўлни олдига келиб, “Бунинг сувини чиқарингнглар”, деди. Сувни чиқаришгач, “Мана бу ерни қазинглар”, деди. Қазидилар ҳақиқатда Юсуф алайҳиссаломнинг жасадини топиб, уни ердан олишдилар. Шунда йўл худди кундузгидек ёришди”.
(Бу ҳадисни имом Ҳоким Мустадракларида келтирганлар.)
Қиссадан олинадиган фойдалар:
1 – Меҳмонни икром қилиш мусулмоннинг ахлоқларидан бири. Биз бу фақир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни нақадар икром қилганини кўрдик. Зероки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин”, деганлар.
2 – Мусулмон одамга биров яхшилик қилса, яхшилиги учун уни мукофотлаш лозим. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига яхшилик қилган одамларни гўзал мукофот билан мукофотламасдан қолдирмасдилар. Биз, у зотга меҳмондўстлик қилган, аъробийни мукофотлашлари учун олдиларига боришини талаб қилганларини кўрдик.
3 – Мусулмоннинг энг олий мақсади ўткинчи дунё матоҳларига эришиш бўлмасдан балки жаннат неъматларига ва Аллоҳнинг ризосига етишиш бўлмоғи лозим.
4 – Олий ҳимматлик ҳам ризқ, уни Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандасига беради. Юқоридаги қиссада кампирни ниҳоятда ҳимматли эканини кўрдик. Мусо алайҳиссалом ундан Юсуф алайҳиссаломнинг қабрини кўрсатишини сўраганда жаннатда бирга бўлишини сўраб дуо қилишини талаб қилди.
5 – Банда баъзида Аллоҳнинг амрини бажармагани учун ютуқ, бахтидан маҳрум бўлади. Биз Юсуф алайҳиссалом Бани Исроилдан жасадини Мисрдан олиб чиқиб, муқаддас ерга кўмиш ҳақида ваъда олган эди. Юсуф алайҳиссаломнинг жасадини унитиб, Мисрда қолдириб чиққанлари учун қандай йўлдан адашиб қолганларини кўрдик.
6 – Аллоҳ бандаларига меҳрибон зот. Бу кампирнинг амали Мусо алайҳиссалом билан жаннатнинг олий даражасида бирга бўлишга оз бўлишига қарамасдан, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга бу кампирни ўзи билан жаннатда бирга бўлишини ваҳий қилиб, кампирни хурсанд қилди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 402 гуруҳ талабаси Содиқов Бобур тайёрлади.






