Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан олдингилардан бир киши тўқсон тўққизта кишини ўлдириб, сўнг ер аҳлининг олимини излаб атрофидагилардан сўради. Уни бир роҳибга далолат қилишди. Унга бориб: “Тўқсон тўққизта одамни ўлдирган киши учун тавбага йўл борми?” деди.
Роҳиб: “Йўқ”, деган эди уни ҳам ўлдирди. Шу билан юзтани тўлиқ қилди.
Сўнг ер аҳлининг олимини излаб атрофидагилардан сўради. Уни бир кишига далолат қилишди. Унга: “Юзта одамни ўлдирганни тавбасини Аллоҳ қабул қиладими?” деди. У киши: “Ҳа, сен билан тавбанинг орасини ким тўсади? Фалон ерга боргин, у ернинг аҳли Аллоҳга ибодат қилгувчилардан, улар билан бирга Аллоҳга ибодат қил, қишлоғингга асло қайтмагин улар ёмон аҳлдирлар”, деди.
Киши йўлнинг ўртасига етганида, унга ўлим келди.
Раҳмат ва азоб фаришталари кишининг руҳини қабз қилишда талашиб қолдилар. Раҳмат фаришталари: “Бу киши чин қалбидан Аллоҳга юзланиб, тавба қилиб келаётган эди”, деди.
Азоб фаришталари: “У бирорта ҳам солиҳ амал қилмаган”, деди.
Уларга одам суратида бир фаришта келди. Фаришталар уни ҳакам қилишди. У: “Икки ерни орасини ўлчанг, қайси ер яқин бўлса, бу киши ўша ердан” деди.
Фаришталар ўлчадилар ва у кишини хоҳлаб бораётган ерга яқинроқ эканлигини топишди. Кишининг руҳини раҳмат фаришталари олдилар”, дедилар”.
Бошқа ривоятда: “Унга ўлим етди, у кўкраги билан яхши қишлоқ томонга йиқилди. Раҳмат ва азоб фаришталари уни олиб кетишда талашиб қолдилар. Аллоҳ яхши қишлоқ ерини ўлган кишига яқинлашишни, ёмон қишлоқ ерига узоқлашишни ваҳий қилди. Икки қишлоқ орасидаги масофани ўлчаб кўргандилар яхши қишлоққа бир қарич яқинроқ экан Аллоҳ уни мағфират қилди”.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Ёмон суҳбат ва ёмонларга аралашиш инсоннинг ҳаётига таъсир қилади. Биз қотиллик кенг тарқаган қишлоқда яшаган кишини тўқсон тўққизта одамни ўлдирганини билдик.
2 – Мусулмон киши қанча гуноҳ қилса ҳам Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин, балки тавба қилсин Аллоҳнинг марҳмати кенгдир.
3 – Мусулмон дўзахдан узоқ қиладиган, жаннатга олиб борадиган тўғри йўлни топгунича илм аҳлидан сўраши лозим.
4 – Аллоҳ таоло ҳар қандай гуноҳкор кишини тавбасини қабул қилади, гарчи қотиллик қилган бўлса ҳам.
5 – Олим обиддан афзал. Обид тавба қилишни хоҳлаган кишига тавба эшикларини беркитди, олим орзу эшикларини очиб, тўғри йўлга далолат қилди.
6 – Мусулмон Аллоҳ учун қилган ниятида холис бўлса, Аллоҳ уни икром қилиб, борлиқни унга бўйсундириб қўяди.
7 – Гуноҳкор киши тавба қилиши ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги учун унга орзу эшикларини очиш лозим.
Маҳмуд Мисрийнинг “Қисосур Росул лил атфал” китоби асосида 402-гуруҳ талабаси Содиқов Бобур таёрлади






