Бугун, 25-октябрь куни “Кўкалдош” ўрта маҳсус ислом таълим муассасасида талабаларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида “Виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартларидан бири” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатига Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ш.Жўраев таклиф этилди. Давра суҳбатини “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ўринбосари А.Ғаниев очиб берган бўлса, маърузачи устозлар ва талабалар учун бирдек қизиқарли бўлган маълумотларни берди. Жумладан:
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонун янги таҳрирда қабул қилинганлигини таъкидлаб, қуйидагиларга ўз эътиборини қаратди.
Қонун бир нечта муҳим янгиликлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришни ўз ичига олган:
Биринчидан, «Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилди».
Иккинчидан, «диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди».
Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди. Негаки, қонун атамаларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли тушунмовчиликлар, масалага нохолис ёндашув ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Шу каби омиллардан келиб чиқиб, Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.
Давра суҳбати сўнгида маърузачи: “Ушбу қонун жамиятда турли конфессиялар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, юз бериши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.”-дея таъкидлаб ўтди.
Кўкалдош матбуот хизмати








