Бидъат- сўзи луғатда “янгилик” маъносини англатади. У ўзининг шаръий ҳукмига кўра ундан четланиш ва унга тушиб қолишдан огоҳлантириш зарур бўлган нарсадир. Бу борадаги асл далил Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган мана бу ҳадис ҳисобланади.
من أحدث في أمرنا هذا ليس منه فهو ردّ
“Ким бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса у рад қилинади”.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда эса
إن خير الحديث كتاب الله، وخير الهدي هدي محمد، وشر الأمور محدثاتها، وكل بدعة ضلالة
“Сўзнинг яхшиси Аллоҳнинг китоби, йўлнинг яхшиси Муҳаммаднинг йўли, ишларнинг энг ёмони кейинчалик пайдо қилингани ва ҳар бир бидъат залолатдир”.
Хўш, юқорида зикр қилинган ва четланишимиз зарур бўлган бидъат нима ўзи?!
Балки у ўзининг луғавий маъносига кўра умумий барча янгиликлар деганидир?! Шундай экан мусулмонлар ҳаётида пайдо бўлган ва уни Росулуллоҳ(с.а.в) ҳам бирорта саҳобийлари ҳам қилмаган ва ўша даврда маълум бўлмаган кейинчалик вужудга келган ҳар бир янгилик бидъат бўлади. Агар шундай бўлса мусулмонлар ҳамма-ҳаммалари ҳозирда ноилож залолат ботқоғида яшаётган ҳисобланишади. Зеро улар қай ерга юзланмасинлар ва нима қилсалар ҳам бидъатда бўлаверишади: Уйларини қуришда бидъат, ундаги жиҳозлари ҳам бидъат, дастурхонлари бидъат, кийим услублари бидъат, маданий-илмий ва ижтимоий ривожланишга уринишаётган барча услублари барча-барчаси кетма-кет бидъатлардан ҳосил бўлган зулматлар. Бу мусибатга фақат мана шу аср вакиллари эмас, балки саҳобалар давридан кейин то бугунги кунимизгача яшаб ўтган мусулмон аждодларимиз ҳам дучор бўлишган ва биздан кейин қиёматгача келадиган авлодларимиз ҳам дучор бўладиган бўлади. Чунки ҳаёт Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларидан бошлаб мудом ўзгариб бир босқичдан бошқасига ўтиб келмоқда. Энди биз буни жиловимизга олиб йиллар, асрлар ўтишига қарамасдан замонни биргина ҳолатда ушлаб тўхтатиб тура олмаймиз. Қаранг хатто Набий (с.а.в) яшаган қисқа бир давр биргина ўзгармас ҳаётда қотиб қолгани йўқ, балки Набий (с.а.в) ҳам саҳобайи киромлар ҳам бир вазиятдан сўнг бошқа вазиятларни қаршилаб олишди.
Ул Зот (с.а.в) таъаммул қилиб ўша ишни диннинг асосларига ва ҳукумларига хилоф келмаслигини билгач қанчадан қанча янги урф-одатларни қўллаб қувватладилар, саҳобийлар ҳаётига кириб келган қанча ишларни маъқуллаб унга дуо қилдилар. Маъқуллашларини қўйинг Росулуллоҳ (с.а.в) ўзлари бундай ишларни топиш ва уни энг чиройли суратда бажариш йўлларини осонлаштириб бердилар. Айни мана шу ҳолатдан келиб чиқиб уламолар:
«الأصل في الأشياء الإباحة»
“Нарсалардаги асл ҳукум мубоҳият яъни таъқиқ йўқлиги” деган қоидани ишлаб чиқишди. Ҳанафий уламоларимиз эса яна:
العرف مصدر
“Урф (маълум шартлар асосида) шарий масдар яъни манбадир”
Шу ўринда билдикки юқорида айтиб ўтилган бидъатни луғавий тушуниш буткул хато ҳисобланар экан.
“Бидъат” сўзининг шаръий истелоҳдаги маъноси билан мақоламизниинг иккинчи қисмида танишамиз…
Давоми бор.
Абдуллаев Алиакбар,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






