Тарихдан маълумки, ҳеч бир миллатнинг тафаккури, дунёқараши, турмуш-тарзи, маънавий қадриятлари ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Миллий қадриятларни асраш ва халқнинг ҳақиқий маънавий қиёфасини акс эттирувчи фазилатларни ўзида мужассамлаштирган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, кексаларга ҳурмат, шарқона одоб-ахлоқ, шарм-ҳаё каби энг олий инсоний туйғуларни кўз қорачиғидек эъзозлашда дин ва диний ташкилотларнинг ўрни беқиёсдир.
Мамлакатимизда ҳар бир шахснинг диний ҳиссиётлари камситилмай, унинг виждон эркинлиги, диний ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, диний таълим муассасаларининг фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.
2021-йил 5-июлда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига кўра “биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русмлар ва маросимларни бажариш мақсадида тузилган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган кўнгилли бирлашма диний ташкилот” ҳисобланади.
Ушбу қонун давлат билан дин, диний ташкилотлар билан давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини ҳам белгилаб берди.
Қонунда диний ташкилотларга оид қуйидаги янгиликлар киритилди:
Биринчидан, диний ташкилот тузиш учун ташаббускорлар сони 100 нафардан 50 нафаргача туширилди, яъни маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилди; Қонуннинг 17-моддасига кўра маҳаллий диний ташкилотни ўз ташаббусига кўра тузаётган, ўн саккиз ёшга тўлган, эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари имзолари талаб этилади.
Иккинчидан, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.
Учинчидан, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилди; Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда хизматлар адлия органларининг электрон тизими орқали кўрсатилади. Электрон тизимга кириш электрон рақамли имзо ёки шахсни идентификасиялаш имконини берувчи бошқа усуллари орқали амалга оширилади. Мурожаат қилувчи электрон тизимга кирганидан кейин ўзининг шахсий кабинетидаги тегишли мурожаат турини танлайди, маълумотларни босқичма-босқич киритади ва ҳужжатларни электрон тизим орқали юборади.
Тўртинчидан, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилиб, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор қилинди, шунингдек, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби ҳам бекор қилинди.
Бешинчидан, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланди; Қонуннинг 22-моддасига асосан, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, қарор қабул қилинган кундан кейин бир иш куни ичида электрон мурожаатни юборувчининг электрон тизимдаги шахсий кабинетига рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади. Қонуннинг 23-моддасида диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асослар белгилаб берилган.
Олтинчидан, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича берилган аризани кўриб чиқиш муддати 3 ойдан 1 ойга туширилди; Қонуннинг 21-моддасига биноан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун-мурожаат олинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўриб чиқилади.
Ҳамида ТУЙЧИЕВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси мудири,
юридик фанлари номзоди, доцент
“Қишлоқ ҳаёти” газетаси 2021-йил 29-июл, 30-сон





