Дарҳақиқат, куни кеча Президент Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни юртимиз диний-ижтимоий ҳаётида улкан ҳодиса бўлди.
Мазкур қонунда ўз аксини топган ижобий ўзгаришлар ҳақида, хусусан, ундаги биргина жиҳат – диний мазмундаги материалларни олиб кириш ва тарқатиш тартибига оид моддасининг аҳамияти ҳақида сўз юритсак.
Қонуннинг 10-моддаси, иккинчи хатбошисида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади”.
Бир қараганда, мазкур модда айрим хорижий давлат ва ҳуқуқ ташкилотлари бонг уриб таъкидлашдан чарчамаётган диний материалларга нисбатан сензура ёки фикр эркинлигини чеклашдек кўриниши мумкин. Бироқ аслида бундай эмас. Модданинг сиёқига инсоф назарини ташлаган ҳар бир ақл эгаси ундан жамият ва давлат барқарорлигига салбий таъсир қилувчи “конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш” кўзланганини англаб етади. Зеро, динни нотўғри талқин этиш, ундан сиёсий ва бошқа мақсадларга етишда қурол сифатида фойдаланиш қандай хунук оқибатларга олиб келиши бугун ҳеч кимга сир эмас. Буни нафақат Яқин Шарқдаги низо ўчоқлари, балки мустақил Ўзбекистоннинг тарихида бўлиб ўтган бир қанча аянчли воқеалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Турли радикал гуруҳларнинг ўз қабиҳ ниятларини амалга ошириш йўлида одамлар, хусусан, ёшлар онгини сохта даъволар билан заҳарлашга қаратилган уринишларини аниқлаш ҳамда уларнинг фаолиятига чек қўйиш давлат диншунослик экспертизаси билан чамбарчас боғлиқдир.
Бундан ташқари, республика ҳудудида нашр этилаётган диний маҳсулотларнинг сифатли ҳамда турли бидъат-хурофотлар ва илмий асосга эга бўлмаган тўқима маълумотлардан холи тарзда аҳоли қўлига етиб боришида диншунослик экспертизасининг ўрни ўта муҳимдир. Шу билан бирга мазкур амалиётнинг сақлаб қолиниши диний мазмундаги материаллар йўналишида фаолият олиб борувчи тадбиркорларнинг манфаатлари ҳимояси учун ҳам хизмат қилади. Зотан, давлат диншунослик экспертизаси диний адабиётларга тааллуқли муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза этилиши, материалларнинг контрафакт усулда тайёрланишига чек қўйиш каби қонуний механизмларнинг ишлашини ҳам таъминлаб беради.
Хулоса қилиб айтганда, айрим ҳуқуқ экспертлари ҳамда хорижий давлат ташкилотлари томонидан диншунослик экспертизасининг сензура сифатида баҳоланиши ҳамда уларнинг мазкур амалиётни бекор қилишга оид чақириқлари ҳудуддаги мавжуд ва ўзига хос диний-ижтимоий муҳит тўлиқ ўрганилмаган ҳолда ўртага ташланган бўлиб, мазкур амалиётга оид норманинг қонуний кучда қолдирилиши узоқни кўриб, қабул қилинган оқилона қарор бўлди.
Шундай экан, диний-ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлмиш мазкур қонун келгусида ушбу йўналишда амалга ошириладиган хайрли ишларга пойдевор бўлиши шубҳасиздир.
Жаҳонгир ЖЎРАЕВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими
Манба: «Ватанпарвар» газетаси 2021-йил 23-июл, 29-сони






