Сохта тариқатчиларнинг номақбул одатларидан яна бири бу: айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг таҳоратидан қолган сувни истеъмол қилиниши ҳолатларининг учрашидир. Ҳозирда ўзларини тариқатчимиз деб даъво қилётганлар аввало анъанавий тариқат асосларини қўпол тарзда бузаётганлари, қолаверса шариат кўрсатмаларига ҳам амал қилмаётганлари намоён бўлмоқда. Жумладан, пирнинг таҳоратидан қолган сувни табаррук қилиб ичиш масаласида улар қўпол хатога йўл қўймоқдалар. Биринчидан, бизлар XXI асрда яшамоқдамиз ва “тоза сув”, “ифлосланган сув”, “микроб”, “юқумли касаллик” деган тушунчалар барчага маълум. Одам ювинганда ёки таҳорат қилганда сувга унинг юз-қўлидан турли зарарли микроблар тушиши мумкин ва уни ичишнинг оқибати оғир касаллик билан тугаши мумкин. Иккинчидан, юқорида зикр қилинган “Мактубот” асарида Имом Раббоний: “Таҳоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат билан аралашган бўлади. Фақиҳлар уни ичишни ман этганлар”, – дейди.
Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ мезонига ҳам мос эмас.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






