Интернетда чат, форум, фейсбук, твиттер каби ўзаро алоқа олиб боришга хизмат қилувчи воситалар орқали кишилар бир-бирлари билан ёзишма, сўзлашма, суратли мулоқотлар олиб бориш имкониятларига эга бўлишган. Улар ушбу имкониятларни ишга солиб, кўпгина ҳожатларини рўёбга чиқариш, маълумот алмашиш, билмаганини сўраб ўрганиш, янги дўст ва шериклар орттириш каби кўпгина манфаатларга эга бўлишмоқда.
Интернетда бўлаётган мулоқотлар давомида турли кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслиги учун мусулмон киши бу борадаги шаръий одобларга риоя қилмоғи лозимдир.
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ният яхши бўлиши даркор.
Албатта, ҳар ишда бўлгани каби интернетда ишлаш ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қилганда ниятни тўғри қилиш керак бўлади.
عن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : » إنما الأعمال بالنيات وإنما لكل امرئ ما نوى فمن كانت هجرته إلى الله ورسوله فهجرته إلى الله ورسوله ومن كانت هجرته إلى دنيا يصيبها أو امرأة يتزوجها فهجرته إلى ما هاجر إليه ( متفق عليه
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:»Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта амаллар ният биландир. Ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлган бўлса бас унинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг расулигадир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса унга етади. Аёлга бўлса унга уйланади. Унинг ҳижрати ҳижрат қилган нарсасига мувофиқдир».
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ўзига танлаган Ник яъни исм ёки тахаллуснинг гўзаллигига эътибор бериш керакдир.
Интернетдаги ўзаро мулоқотларда ҳар бир киши ўзига маълум Ник яъни тахаллус қўйиб олиши одат тусига кирган. Аслида эса ўз исми бўлгани яхши албатта. Тахаллус танлаганда чиройли ва завқ бағишлайдиган исмларни танлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг исмлари умидбахш, эзгуликни ифода қиладиган бўлишига катта эътибор берганлар.
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда намоз вақти чиқиб кетмаслигини инобатга олиш керак.
فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ (4) الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ
Аллоҳ таоло айтади:
“Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки. Улар намозларини унутувчилардир.”
Ибн Жарир Табарий келтирган ривоятда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар, деганлар.
Сизга келган ҳар қандай хатни бошқаларга тарқатиш керак, дейилса, тарқатавермаслик керак .
Баъзан Исломий иборалар аралашган мактуб келади. Унда бу хатни шу кечанинг ўзида фалонча кишига тарқатишингиз керак. Шунда ундоқ бўлади, бундоқ бўлади. Агар қилмасангиз бундай бўлади, ундай бўлади, деб ёзилган бўлади. Аллоҳнинг ҳузуридаги фалонча савобни сизга ўзларича ваъда қилишади. Аслида бу нарсаларнинг бари ёлғон бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади», ¬ деганлар.
Хусусан, Ислом номидан келган хабарни рост, тўғри эканини аниқламай туриб уни ўзгага юборманг.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا
Аллоҳ таоло айтади:
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар…”
Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Энди одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади. Аввало, хабарчи динда, сўзида ўта ишончлик киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади. Хабар берувчининг ҳоли номаълум-ишончли ёки ишончсизлиги аниқ бўлмаса, мисол учун, хабарчи нотаниш ёки ҳозиргача хабари синаб кўрилмаган одам бўлса унинг хабари текширилмай туриб қабул қилинмайди. Бошқа ишончли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина қабул қилинади.
Бакиров Отабек 4-курс талабаси.






