Саҳобаларни қизиқтирган биргина саволнинг жавоби нафақат барча муаммоларнинг ечими, балки инсонни дунё-ю охиратда энг бахтли инсонга айланиши билан бирга энг улуғ мақомларга етишига сабаб бўлади. Келинг, бу саволни улар розияллоҳу анҳумларнинг ўзларидан эшитайлик. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга энг маҳбуб?» деди. «Тушиши билан қайта жўнайдиган», дедилар. «Тушиши билан қайта жўнайдиган нима?» деди. «Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган», дедилар». Шарҳ: Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатлардан кейинги энг афзал ибодат Қуръони Карим тиловатидир. Шунинг учун Қуръони Каримни аввалидан ўқиб охирига етиб, хатм қилган одам яна аввалидан бошласа, ушбу ҳадисда мадҳ қилинган сифатга эга бўлар экан. У Аллоҳга энг маҳбуб бўлган амални қилган бўлар экан. Тушиши билан қайта жўнайдиган бандалар сафидан ўрин олар экан. Ким Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлган амални қилишни истаса, Қуръони Каримни тиловатини пухта ўргансин. Уни аввалидан тажвид билан ўқиб келиб хатм қилишга ва яна дарҳол бошидан тиловат қилишни бошлашга одатлансин. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ва машойихларимиз ўз шогирд ва муридларига худди шу ишни доимий қилишга одатланиш тарбиясини берадилар. Шунинг учун ҳам қориларимиз Рамазони шарифда таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилиб бўлганларида, Нас сурасини ўқигандан кейин, дарҳол Бақара сурасидан бир оз тиловат қилиб якунига етказадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагилар ривоят қилинади: «У киши раҳматуллоҳи алайҳ тушда Аллоҳ таолони бир неча марта кўрган экан. Бир марта агар яна Роббимни тушда кўрсам, бандани Роббисига муқарраб қиладиган нарсани сўрайман, дебдилар. Бас, у киши Аллоҳ таолони тушида кўриб: «Эй Роббим, банда Сенга нима ила муқарраб бўлади, деб сўрабди. «Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» дебди. «Маъносини тушунсами ёки тушунмаса ҳамми?» деб сўрабди. «Маъносини тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ.
Оиша розияллоҳу анҳoдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, қандоқ амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир, деб сўралди. «Агар оз бўлса ҳам давомлиси», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳoдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки у(саҳоба)ларни бирор ишга амр қиладиган бўлсалар, тоқатлари етадиган амалга амр қилар эдилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дейишди. Шунда, у зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди ва: «Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар».
Бухорий ривояти.
Қодиров Шухрат,
4‑курс талабаси





