SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Ҳайит кунига тегишли одоблар
11.05.2021 / Bo‘limda Axloq va tarbiya, Maqolalar

Ҳайит кунига тегишли одоблар

Мусулмонлар учун бир йилда икки улуғ байрам бўлиб, улар Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларидир. Ушбу хурсандчилик кунларига тегишли амаллар ва одоблар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча кўрсатмалар бор. Қуйида Рамазон ҳайитига тааллуқли амаллар баён қилинади:

1. Ғусл қилиш, мисвок ишлатиш ва хушбўйланиш. Ҳайит намози учун ғусл қилиш суннат амал саналади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу кунда ғусл қилганлар. Бунинг ҳикмати шуки, ҳайит намози катта жамоат билан ўқилади. Албатта, кўпчилик орасига покиза, хушбўй ҳолатда кирган одам атрофдагиларни ёқимсиз ҳид билан беҳузур қилмайди. Шу куни ғусл қилишнинг ҳадиси шарифдаги далили қуйидагича:

 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَيَوْمَ الأَضْحَى. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَه.

“Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ва Қурбон ҳайитида ғусл қилар эдилар”, деди”. Ибн Можа ривоят қилган. 

Саҳобалардан бирининг амали ҳақидаги ривоятдан ҳам бу ишнинг суннат эканини англаймиз:

عَنْ نَافِعٍ، أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ كَانَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ قَبْلَ أَنْ يَغْدُوَ إِلَى الْمُصَلَّى. رَوَاهُ مَالِكٌ.

“Нофеъдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Рамазон ҳайити кунида намозгоҳга келишидан олдин ғусл қилар эдилар”. Молик ривоят қилган. 

Шунингдек, бу улуғ кунда оғизни мисвок билан тозалаш ҳамда бадан ва кийимга хушбўй атирлар сепиб йўлга тушиш ҳам айни муддаодир.

2. Янги ва чиройли кийимлар кийиш. Ҳайит кунида яхши кийимларни кийиш мустаҳаб амал бўлиб, имкони бор киши янги кийим кийгани яхши. Чунки бу Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматини изҳор этиш, хурсандчиликни ошкор қилиш саналади. Зеро, Аллоҳ таоло чиройлидир, чиройлиликни яхши кўради. Машҳур саҳобий Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳайит кунларда яхши кийимларни кийганлари ривоят қилинган.

3. Ҳайит намозидан олдин фитр садақасини адо этиш. Бу молиявий ибодатнинг шариатимизда жорий бўлиш ҳикматларидан бири, бу амал рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносидадир. Ҳанафий мазҳабига кўра “Ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазон ойи ичида бериб қўйса ҳам жоиз ҳисобланади. Фитр садақасини ҳайит намозига чиқишдан олдин беришнинг ҳикматига келсак, бу камбағалларнинг уйларида ҳам хурсандчилик бўлиши учундир. Бу борада ҳадиси шарифда шундай дейилган:

  عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِزَكَاةِ الْفِطْرِ أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلاَةِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

“Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар”. Муслим ривоят қилган.

4. Ҳайит намозига чиқишдан олдин бир нечта хурмо ёки ширинлик истеъмол қилиш. Рамазон ҳайитида намозгоҳга чиқишдан олдин хурмо ейиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

“Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар”. Бухорий ривоят қилган.

5.  Масжидга пиёда юриб бориш. Имкон борича ҳайит намозига пиёда юриб боришга тарғиб этилган. Узрли сабаб билан уловга миниб бориш ҳам мумкин. Бу борадаги ҳадис қуйидагича:

عَنْ أَبِي رَافِعٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَخْرُجُ إِلَى الْعِيْدَيْنِ مَاشِيًا …. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَه.

“Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар…” Ибн Можа ривоят қилган.

6. Ҳайит намозини ўқиш учун масжидга кетаётиб овоз чиқарган ҳолда таҳлил ва такбир айтиб бориш. Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиққан пайтдан намозгоҳга етгунича такбир айтиб бориш ҳам суннат амал саналади. Зеро, бунда ислом шиорини зоҳир қилиш, хурсандликни ошкор этиш ва бу куннинг бошқа кунлардан фарқли эканини кўрсатиш бор. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُكَبِّرُ يَوْمَ الْفِطْرِ مِنْ حِينِ يَخْرُجُ مِنْ بَيْتِهِ حَتَّى يَأْتِىَ الْمُصَلَّى. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

“Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит кунида уйларидан чиққан пайтдан намозгоҳга етиб боргунларича такбир айтар эдилар”. Байҳақий ривоят қилган.

7. Мўминлар ўзаро бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан табриклашлари. Ҳайит куни мусулмонлар бир-бирларини зиёрат қилиб, ҳайит билан табриклар эканлар, диллари сурурга тўлиб, ўртадаги улфат-дилкашлик зиёда бўлади. Зеро, хурсандчиликни бирга нишонлаш кишиларни бир-бирларига яқинлаштиради. Ҳайит байрамининг шукуҳи ҳам шунда намоён бўлади. Ҳайит билан табриклашнинг қатъий бир қолипи йўқ, ҳамма ўз урфига кўра бир-бирларига яхши тилаклар билдириб, шодлик улашадилар.

8. Намоздан сўнг уйга қайтишда йўлни ўзгартириш. Ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан уйга қайтиш суннатдир. Бу иш кўп қадам ташлаш орқали намозга чиққан одамнинг савобини орттиради, кўпроқ одамларга йўлиқиб, уларни ҳайит билан  табриклаш эҳтимолини оширади ва Ислом шиорини кўз-кўз қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ يَوْمُ عِيدٍ خَالَفَ الطَّرِيقَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

“Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит бўлган куни юрадиган йўлни ўзгартирар эдилар”. Бухорий ривоят қилган.

9.  Қариндош-уруғларни зиёрат қилиш. Ҳайит кунидаги муҳим одоблардан бири қариндошлар ҳолидан хабар олишдир. Зеро, силаи раҳм Ислом динида ҳамиша муҳим иш саналган. Ҳайит куни қариндошларни зиёрат қилиш учун энг муносиб вақтдир. Шундай қилинса, кишилар қалби яйраб-яшнайди, бунинг манфаати мўл бўлади. Шу сингари, бу кунда қўни-қўшниларни ҳам зиёрат қилиш, улардан ҳол аҳвол сўраш яхши ишдир.

10. Ёш болаларни хурсанд қилиш. Ҳайит байрами мусулмонлар учун шоду хуррамлик куни эканини ёш болаларга англатиш даркор. Шу куни уларга совғалар билан сийлаш, сайрга олиб чиқиш қандоқ ҳам яхши.

11. Шариатда бўлмаган бидъат амаллардан сақланиш. Ҳайит айёми шариатимизда хурсандчилик кунлари деб эълон қилинган. Бу айём муҳим кунлар бўлгани эътиборидан, Набий алайҳиссалом уларда қилинадиган ишларни баён қилганлар. Афсуски, кўп жойларда шундай хурсандчилик кунларини шариат кўрсатмасига мувофиқ шодон кафиятда ўтказиш ўрнига ўлик чиққан хонадонларда мотам кунлари қилиб олинади. Бунинг ношаръий иш эканини тушунган одамлар ҳам уни четлаб ўтолмай “фалончиникига бормасак хафа бўлади”, деб, фотиҳагарчилик билан овора бўлишади. Бу каби ношаръий одатга чек қўймоқ керак.

Шуни ҳам унутмаслик лозимки, бу кунларда бир яйраб ўтирайлик, мириқиб дам олайлик, деб ножоиз амалларни қилиш, ҳаром йўл билан кўнгилхушлик қилиш ва исрофгарчиликка йўл қўйиш дуруст эмас. Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини шариатга мувофиқ ўтказишимизни насиб этсин.

Мадаминов Шокиржон
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

What you can read next

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари учун “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасига зиёрат ташкил этилди
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари учун “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасига зиёрат ташкил этилди
Муҳаммад (ﷺ) ҳаётлари
Муҳаммад (ﷺ) ҳаётлари
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қозиюл қузот ва қози шогирдлари
“Аллоҳ таоло ҳар юз йилнинг бошида бир мужаддид юборади”

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP