2021 йил 23 февраль куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ёшлар билан амалга ошириладиган диний-маърифий, ахборот ва ташкилий ишлар тадбирлар режаси»га мувофиқ тадбир ўтказилди. Тадбир “Мамлакатимиз ёшларини экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг интернет тармоғидаги тарғибот ва ёллаш фаолиятининг хусусиятлари” мавзусида ва “Биз ёт ғояларга қаршимиз” шиори остида бўлиб ўтди. Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси Фарруҳ Элмирзаев таклиф этилди.
Тадбирни маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди ва мавзу юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, сўз навбатини ташриф буюрган меҳмон Ф.Элмирзаевга берди. Маърузачи ўз нутқида ёш авлод тарбиясининг аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтди. Айниқса, диний соҳа ходимларининг зиммаларида турган вазифаларини қанчалик масъулиятли эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳозирда дунёнинг турли чеккаларида содир бўлаётган норозиликлик тўполонлари, фитналар, давлатларнинг мустақиллигига қарши қаратилган ҳаракатлар ҳақида гапириб мисоллар келтирди. Ҳар хил турдаги экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида гиёҳвандлик моддаларидан фойдаланаётгани, гиёҳвандлик натижасида бутун бир жамият ва давлатларнинг завол топаётганликларини айтиб ўтди. Айниқса, ҳозирги кунда экстремист ва террорчи ташкилотларнинг қилаётган хунрезликлари, ботил ақида ва даъволари ҳақида аниқ мисоллар келтириб мавзуни тушунтириб берди. Шунингдек, маърузачи талабаларни хушёрликка чақириб, зиммаларидаги вазифаларни мукаммал бажаришга тарғиб қилди. Интернет сайтларидаги нохолис маълумотлар ва улардан фойдаланишда огоҳ бўлишга ундади.
Тадбир сўнгида А.Ғаниев ўзининг фикр-мулохазаларини билдирди. Тадбир иштирокчилари ўзларига керакли бўлган маълумотларни олганликларини таъкидлаб ўтишди ва ташриф буюрган меҳмонга миннатдорчилик билдирилди.


«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






