2020 йил 7 декабрь куни «Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юртида ўқитувчилар ва талабалар иштирокида “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз пойдевори” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирни билим юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди ва учрашувга таклиф этилган меҳмонларни иштирокчиларга таништирди. Дастлаб Тошкент давлат юридик университети “Конституциявий хуқуқ” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Бегзод Мусаев сўзга чиқиб, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг шаклланиши, сўнгги йилларда ҳуқуқ соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирди. Билим юрти талабаларига диний илм билан бир қаторда дунёвий билимлар, хусусан, ҳуқуқий билимларга ҳам аҳамият қаратишни тавсия қилди.
Ундан сўнг сўзга чиққан Тошкент давлат юридик университети “Маъмурий ва молия ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Сардор Юсупов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи ва жараёнларига тааллуқли маълумотларни айтиб берди. С.Юсупов нутқидаги Конституция қабул қилинишидан олдин Олий Кенгаш томонидан 64 кишилик конституциявий комиссия тузилганлиги, Комиссия таркибида Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этгани, Бош қомуснинг бош тамойили халқпарварлик ва халқчиллик экани, 97 давлатдан кўплаб экспертлар Конституция матни билан танишиб, ўз хулосаларини берганларидан кейингина амалиётга татбиқ этилгани ҳақидаги маълумотлар тингловчилар эътиборини тортди.
Муассаса раҳбарияти ҳуқуқшунос устозларга миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам тадбирларда ҳамкорликда фаолият юритишликни таклиф қилдилар.



«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






