Кўҳна Турон заминида қадим-қадимдан турли миллат ва дин вакиллари ёнма-ён тинч-тотув яшаб келган. Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогалар фаолият кўрсатиб, турли эътиқодга мансуб қавмлар ўз диний ибодатларини эмин-эркин адо этиб келганлар. Ўзга минтақаларда динлараро, мазҳаблараро қонли низолар бот-бот рўй бергани ҳолда диёримиз диний асосдаги можаролардан узоқ тургани ўзга юртлар олдида бизнинг юртимизга айрича хусусият беради ва халқимизнинг бағрикенглик борасидаги катта тажрибаси борлигини кўрсатади.
Бошқа халқлар тили, урф-одатлари ва анъаналарига чуқур ҳурмат, уларнинг ўзлигини сақлаб қолиш, маданий-маърифий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга имконият бериш, оддий қилиб айтганда, одамгарчилик хислати турфа маданий бойликларнинг шу кунларгача етиб келишини таъминлаган. Ўз навбатида бундай қадриятлар халқимизга хос бўлган ахлоқ-одоб меъёрлари, маънавий фазилатларнинг ўзга халқлар томонидан қабул қилинишига йўл очгани ҳам ҳақиқатдир.
Бу тарихий жараён давом этиб, ҳозирда ҳам Ватан равнақи, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигининг омили сифатида қадрланади. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари юртимизда яшаб келмоқда. Ҳар бир дин вакилларининг тажовузлардан хавотир олмай ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари тинч-осуда ҳаёт кечиришнинг муҳим кўрсаткичларидан саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайридинларга зулм қилишдан қайтарганлар, агар улар қўшни бўлса, қўшнилик ҳаққини, қариндош бўлса қариндошлик ҳаққини беришга буюрганлар. Ҳатто уруш ҳолатларида жангу жадалга аралашмай ибодатхоналарда тинчгина ибодат билан машғул бўлган ўзга дин аҳлларига тегинмасликни алоҳида тайинлаганлар.
Юртимиз алломалари томонидан қайд этилган пурмаъно битикларда диний бағрикенгликка оид кўплаб фикрларни топиш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзга дин вакиллари билан ёнма-ён яшаб келган халқимизда диний бағрикенглик фақат зарурат келтириб чиқарган эҳтиёж эмас, балки ҳаёт тарзига сингиб кетган ўзига хос фазилат эканини кўришимиз мумкин. Абдурауф Фитратнинг қуйидаги сўзлари фикримизни қувватлайди: “Одамлар қайси дин, қайси қавм, қайси миллатда бўлмасинлар, бир отанинг фарзандлари, бир жинснинг авлодлари, бошқача қилиб айтсак, бир‑бирларига биродардирлар. Шундай экан, бир‑бирларига шарт қўймай, муҳаббатли ва шафқатли бўлишлари керак. Яъни ўрталарида “умумий биродарлик”ни барпо этишлари керак”.
Адоватнинг оқибати яхшиликка олиб келмаслигини ёши улуғларимиз уқтириб келадилар. Бу борада Абдулла Авлонийнинг қуйидаги сўзлари эътиборга молик: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиғи тарих саҳифаларидан маълумдир”.
Чиндан ҳам, бағрикенг, аҳил-иноқ бўлган халқда осудалик ҳукм суради. Ўзаро тотувлик эса фаровонлик олиб келади. Шундай экан, инсонлар, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши жуда муҳимдир. Зеро, бағрикенгликсиз тинчлик, тинчликсиз эса тараққиёт бўлмайди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Маматқулов Отабек






