Абдулла Авлоний (1878.12.7 — Тошкент — 1934.24.8) — маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби. Тўқувчи оиласида туғилган. Мактабхона ва мадрасада ўқиган (1885—95). 1906 йилдан шеърлари билан матбуотда қатнаша бошлаган. Араб, форс, рус тилларини ўрганиб, бу тилларда ижод қилган мутафаккирларнинг асарларини ўқиган, баъзилари (масалан Л. Толстой, К. Д. Ушинский асарлари)ни ўзбек тилига таржима қилган.
1906 йил «Тараққий», 1907 йил ўз уйида (Тошкентда) «Шуҳрат» газеталарини чиқарган. Бу газеталар ёпиб қўйилгач, 1908 йил яширин равишда «Осиё» газетасини нашр этди. 6-сонидан сўнг ҳукумат бу газетани ҳам тақиқлаб қўйган. Шундан сўнг Авлоний илғор ғояларни мактаб орқали халққа тарқатишга ҳаракат қилди: Тошкент шаҳрининг Миробод маҳалласида маҳаллий аҳоли болалари учун янги усул мактаби очиб (1908), ўзи она тили ва адабиётдан дарё берди. 1909 йил «Жамияти хайрия» тузиб, етим болаларни ўқитган. Шундан кейин Авлоний Тошкентнинг Дегрез маҳалласида икки синфли мактаб очган (1912). Бу мактабда дунёвий фанлар ўқитилиши билан мактабхоналардан фарқ қилган.
Авлоний янги мактаблар учун кўлланма ва ўқиш китоблар ёзиб, нашр қилдирган [мас, «Биринчи муаллим», 1911; «Иккинчи муаллим», 1912; «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», 1913; 4 жузд (қисм)ли «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами, 1909—15; «Мактаб гулистони», 1915; «Мардикорлар ашувласи», 1917 ва б.]. Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини ташкил этган.
Авлоний халқ онгини ошириш учун театр санъатидан ҳам фойдаланган. У 1913 йилда «Туркистон» номли театр труппасини ташкил этишда ва унинг ишида фаол қатнашган. 1910—16 йилларда бир қанча саҳна асарларини таржима қилди ва ўзи саҳналаштирди. Авлонийнинг саҳна асарлари Тошкент, Фарғона, Андижон, Қўқон, Хўжанд каби шаҳарларда кўйилган. Бу асарларда 20-аср бошларидаги Туркистон ҳаётининг кенг манзаралари ўз ифодасини топган. Авлоний труппасида Маннон Уйғур тарбия топган; труппа билан Ҳамза, Озарбайжон драматурглари Узайр Ҳожибеков, С. Руҳулло ҳамкорликда бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин халққа ваъда қилинган эркинликнинг берилмаганлиги шоир ижодида тушкунликнинг пайдо бўлишига олиб келди («Хафалик соатда» шеъри, 1919).
Авлоний 1917 йилда «Турон» газетасини нашр қилди. Газетада сиёсий ва ижтимоий воқеалар ёритилган. 1918 йил Авлоний «Иштирокиюн» газетасини ташкил этишда қатнашди ва унинг муҳаррири бўлди. 1919—20 йилларда Шўро ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсий вакили ва консули. «Касабачилик ҳаракати» журнали бош муҳаррири (1921). 1921 йилдан Авлоний мактаблар очиш, халқни саводхон қилиш, ўзбек хотин-қизларини ўқитиш, ўқитувчилар ва зиёли кадрлар тайёрлаш ишлари билан шуғулланди. У Эски шаҳардаги хотин-қизлар ва эрлар маориф билим юртлари (инпрослар)да мудир (1923—24), Тошкент ҳарбий мактабида ўқитувчи (1924—29). 1930—34 йилларда Ўрта Осиё университети тил ва адабиёт кафедраси мудири, професоор. Шу даврда у ўзбек мактабларининг 7-синфи учун «Адабиёт хрестоматияси» тузиб, нашр эттирди (1933).
Авлоний Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чиғабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан танқидий ва илмий мақола, 4000 мисрадан ортиқ шеър ижод қилган.






