Маълумки, аксириш ва эснаш каби ишлар инсонлардан доимо содир бўладиган ишлардир. Лекин, бу икки иш бир-бирига тескаридир. Яъни, инсон аксирганда бутун танаси енгиллашиб тетиклашади ва тоат ибодатларга рағбат юзага келади. Эснаш эса ғафлат ва дангасаликка сабаб бўладиган малолланишдан юзага келади. Шунинг учун аксириш Аллоҳ таолога, эснаш эса, шайтонга нисбат берилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :»الْعُطَاسُ مِنَ اللَّهِ وَ التَّثَاؤُبُ مِنَ الشَّيْطَانِ ،فَإِذَا تَثَاءَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَضَعْ يَدَهُ عَلَى فِيهِ وَ إِذَا قَالَ :آهْ آهْ ،فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَضْحَكُ مِنْ جَوْفِهِ وَإِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْعُطَاسَ وَ يَكْرَهُ التَّثَاؤُبَ«.رَوَاه التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:“Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Аксириш ва эснаш ҳақида шариатда тегишли кўрсатмалар бор. Мазкур кўрсатмаларни ўрганиб уларга риоя қилиш кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади. Аксириш одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб –аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.
Аксирган киши қўли ёки кийими билан оғзини ёпиши суннат ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ،قالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ إِذَا عَطَسَ وَضَعَ يَدَهُ أَوْ ثَوْبَهُ عَلَى فِيهِ وَ خَفَضَ أَوْغَضَّ بِهَا صَوْتَهُ [شَكَّ الرَّاوِيْ] . رَواهُ أَبُوداوُدَ وَ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар (Ровий “Хофаза” ва “Ғозза” сўзларида шак қилган)”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.
Иккинчи одоб – аксирганда овозини пасайтириш.
Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликка далолат қилади. Чунки бу иш қайсидир маънода ўзгаларга азият бериш ҳисобланади. Шунинг учун ҳадиси шарифда баён қилинган аксириш одобига риоя қилиш лозим бўлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ اللهُ عَنْهُ ،أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قالَ:»إذَا عَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَضَعْ كَفَّيْهِ عَلَى وَجْهِ هِوَ لْيَخْفِضْ صَوْتَهُ«. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Шунга кўра, бу одоб аксиришининг муҳим одобларидан бўлиб, бунга амал қилиш фазилатли иш саналади.
Учинчи одоб –аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.
Шариатимизда аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтишга буюрилган.Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ،عَنْ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:»إِذَاعَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ :الْحَمْدُ لِلَّهِ وَ ل لْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ :يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَإِذَا قَالَ لَهُ :يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَلْيَقُلْ :يَهْدِيكُمُ اللَّهُ وَ يُصْلِحُ بَالَكُمْ«. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ”(Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Тўртинчи одоб –Аллоҳнинг неъматларини мушоҳада қилиш ва уларнинг шукрини адо қилишдан ожизлигини ўйлаш.
Аллоҳ таоло бандаларга кўплаб неъматлар ато этган. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَحِيمٌ
“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси, 18-оят).
Шариатимизда инсон нима нарсани қилишга буюрилган бўлса, демак, бу иш унга бу дунёда ёки охиратда манфаатли бўлади. Нимани қилишдан қайтарилган бўлса, демак, бу амал инсонга дунё ёки охиратда зарари бор бўлади. Шунга кўра, аксириш ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири бўлиб, бунинг остида ҳам, инсонга керакли бўлган фойдалар мавжуддир.Шунга кўра, аксириб Аллоҳга ҳамд айтган киши қалби билан Аллоҳ уни ёмонликдан саломат қилгани ва ундан азиятни кетказганини ҳис қилиши ва Аллоҳнинг неъматларини шукрини адо қилишда ўзини ожизлигини мушоҳада қилиши лозим. Зеро, бу амал униХолиққа нисбатан тавозеълик бўлиш ва унга бўйсуниш ва унга муҳтож эканиниҳис қилишга ундайди.
Бешинчи одоб –аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш.
Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:»إِذَاعَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ:الْحَمْدُ لِلَّهِ وَلْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ :يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَإِذَا قَالَ لَه :ُيَرْحَمُكَ اللَّهُ فَلْيَقُلْ :يَهْدِيكُمُ اللَّهُ وَ يُصْلِحُ بَالَكُمْ«. رَوَاهُالْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Сизлардан бирингиз аксирса, “алҳамду лиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум”(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Шариат қайси бир ишга буюрган бўлса, албатта ўша ишда банда учун манфаат бўлади. Қайтарган ишда эса албатта бирор зарар бўлади.
Давоми бор….
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси Мадаминов Шокиржон.





