Биткоин электрон валюта. Уни доллар ёки евро каби бошқа валюталарга қиёслаш мумкин. Лекин бир неча асосий фарқлари бор. Бу фарқларнинг асосийси, биткоин тўла шаклда электрон валюта бўлиб, унинг олди-бердиси фақат интернет орқали бўлади. Яъни олди-бердида у физиологик ва ҳиссий кўринишга эга эмас. Шунингдек, биткоиннинг бошқа анъанавий валюталардан яна бир фарқли жиҳати, унинг ортида турувчи марказий назорат органлари йўқлигида. Лекин бу валютадан ҳам бошқа валюталар сингари интернет орқали сотиб олишда фойдаланиш мумкин, ҳатто анъанавий валюталар билан алмаштириш ҳам мумкин.
Электрон валюталарни ким чиқаради?
Одатда анъанавий валюталарни олтин ёки бошқа валюталар каби маълум бир асос билан қўллаб-қувватланади. Аммо уларнинг акси ўлароқ, биткоиннинг қўллаб-қувватловчиси ва ишлаб чиқарувчиси ундан фойдаланувчиларнинг ўзларидир. Фойдаланувчилар, деганда, биткоин билан муомала қилишни истаган, қўлида компютери ва интернет алоқаси бор ҳар қандай шахслар назарда тутилди. Бу «майнинг» (Mining), дейилаётган амалиёт орқали амалга оширилади. Бунинг учун фойдаланувчи компютерига махсус программа ўрнатади, сўнг унинг ёрдамида аста секинлик билан янги биткоин валюта ишлаб чиқаришни бошлайди. Фойдаланувчи шу амалиёт орқали ҳисоблаш имкониятига эга программадан фойдаланиш муқобилида виртуал пулга эга бўлади. Яъни, фойдаланувчининг шахсий компютери процессори янги суммадаги валюталарни ишлаб чиқариш имконига эга. Биткоин валютаси тизими дунё бўйича фақат 21 миллион биткоин бирлигини ишлаб чиқаришга рухсат беради.
Биткоиннинг шариатдаги ўрни
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пул учун белгилаган шартларни диққат билан ўрганиб чиқиш натижасида биткоинда уч нарса топилмаслиги аён бўлди:
1 – Биткоин пул эмас, чунки унда валюталар шартлари мавжуд эмас. Валюталар воқеси шундан иборатки, улар маълум давлат ёки ҳокимият томонидан чиқарилади, шахслар томонидан эмас. Юқорида айтганимиздек, биткоинни қўлида компютери ва интернет алоқаси бор ҳар қандай шахслар «майнинг» (Mining), дейилаётган амалиёт ёрдамида ишлаб чиқиши мумкин. Уни электрон валюта, деб аталаётган бўлса-да, бироқ аслида, у ҳар қандай шахс пайдо қилиб оладиган, бозорда талабга қараб баҳоси кўтарилиб-пастлаб турадиган бир электрон товар, холос. Шунинг учун биткоин валюталар ҳукмига тушмайди. Яъни у маълум ҳокимият томонидан эмас, номаълум ҳокимият томонидан чиқарилади.
2 – Биткоин хаёлий электрон товар, унинг ҳақиқати йўқ, фақат баъзи инсонлар ишончи бор, холос. Биткоини бор киши ундан компютери дастуридан фойдаланувчи кишилар каби фойдаланолмайди. Яъни биткоин одамлар орасида маълум-машҳур эмас, балки шу валюта билан олди-берди қилаётган, унинг қийматини белгилаётган кишиларга хос валюта, ҳамма инсонлар учун эмас.
3 – Кўп давлатлар биткоин, деган валютани билмайди, шу боис ундан йирик товарлар ва хизматлар савдосида фойдаланишнинг имкони йўқ, яъни у товар ва хизматлар учун мутлақо ўлчов эмас, балки фақатгина маълум бир товар ва хизматлар айирбошлаш воситасидир. Шунинг учун биткоин валютаси шаръий жиҳатдан пул эмас.
Шунга кўра, биткоин бир товар, холос. Бироқ у товар бўлса-да, номаълум товар, кафолати йўқ. Кейин у алдов, фириб, музораба ва ёлғонлар учун тайёр соҳа бўлиб қолмоқда. Демакки, уни сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам ножоиздир. Хусусан, бу валюта манбаи ҳам номаълум, манбаи йирик капиталистик давлатлар, айниқса, АҚШ бўлса керак, дея тахмин қилинади. Ёки бу валюта нопок ниятдаги бирор катта давлат ёхуд қимор, бангивор моддалар савдоси, пул ювиш ва уюшган жиноят мафияси каби йирик халқаро ширкатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган шубҳа уйғотади.
Биткоин манбаси номаълум, кафолати йўқ, алдов ва фириб амалиётларига нишондир. У мустамлакачи капиталистик далватлар – хусусан, Америка – ҳукмронлигининг қуроли бўлиб, ундан инсонлар бойликларини талон-тарож қилишда фойдаланиш мумкин. Шунинг учун уни сотиб олиш ножоиз. Бунга далил, ҳар қандай номаълум товарни сотиш ва сотиб олиш қайтарилгани ҳақидаги шаръий далиллар келган. Улардан айримлари:
1 – «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чорвалар қорнидаги боласини то туғилмагунча сотиб олишдан, чорвалар эмчагидаги сутларни сотиб олишдан, ўлчаш ва тортиб кўриш билан бўлса, майли, шунингдек, қочоқ қулни сотиб олишдан, қўлга келиб тушмаган садақаларни сотиб олишдан, ғаввоснинг савдолашувидан (яъни сувдан сен учун бир нарса овлайман, нима қўлга илинса оласан деган савдодан) қайтардилар».
Ривояти ва лафзи Ибн Можаники. Мухтасар ривишда Термизий ва Ибн Абу Шайба, Аҳмад, Дориқутний, Байҳақий, Ибн Ҳазм, буларнинг барчаси Жаҳзам ибн Абдуллоҳ Ямомийдан, у Муҳаммад ибн Иброҳим Боҳилийдан, у Муҳаммад ибн Зайд Абдийдан, у Шаҳр ибн Ҳушбдан ривоят қилган, Термизий бу ғариб ҳадис, деган.
2 – Ибн Аббосдан ривоят қилинадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
«نَهَى عَنْ بَيْعِ الْمَضَامِينِ، وَالْمَلَاقِيحِ، وَحَبَلِ الْحَبَلَةِ»
«Мазомин (бирор нарсани ичидаги нарсани очмасдан сотиш)дан, малоқиҳ (чорваларни пуштини сотиш)дан, бўғоз туянинг қорнидаги боласини сотишдан қайтардилар». (Табароний «Кабир»да ва Баззор ривояти).
3 – Ибн Умардан Нофе ривоят қиладики,
«نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ بَيْعِ الْغَرَرِ»
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар (қўлга киритилиши ноаниқ нарсани) савдосидан қайтардилар». Қуйидаги ҳадисни Муслим Абу Ҳурайра ҳадисидан, Ибн Можа Ибн Аббос ҳадисидан, Табароний Саҳл ибн Саъд ҳадисидан, Аҳмад Ибн Масъуд ҳадисидан ривоят қилади:
«لاَ تَشْتَرُوا السَّمَكَ فيِ الْمَاءِ فَإنَّهُ غَرَرٌ»
«Сувдаги балиқни сотиб олманглар, чунки унинг қўлга киритилиши ноаниқдир». Чунки сувдаги балиқни сотиб олиш алдов турларидан биридир. Бунга ҳаводаги қушлар, йўқ нарса, номаълум нарса, қочқин қул ва бошқалар ҳам киради.
4 – Жобир ибн Абдуллоҳ бундай дейди:
«نَهَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنِ الْمُحَاقَلَةِ وَالْمُزَابَنَةِ وَالْمُعَاوَمَةِ وَالْمُخَابَرَةِ»
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғаллани ўриб олмай, даланинг
ўзида сотишдан, дарахт мевасини териб олмай, дарахт устида сотишдан, ерни бир
неча йилга сотишдан қайтардилар». Аммо мевасиз дарахт бўлса, унинг савдосига
рухсат берганлар. (Имом Муслим ривояти).
5 – Имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:
«نَهَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ بَيْعِ الْحَصَاةِ، وَعَنْ بَيْعِ الْغَرَرِ»
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасод савдосидан (сотиладиган матолари устига тош отиб шу тош қайси мато устига тушса шуни сотаман деб савдолашиш) ва ғарар савдосидан (қўлга киритиши ноаниқ бўлган нарсани, яъни ҳали овланмаган сувдаги балиқ ёки осмондаги қушни савдолашишдан) қайтарди». Термизий ҳам бу ҳадисни Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.
Демак, сувдаги балиқ савдоси, қочган қул савдоси, осмонда учиб
юрган қуш савдоси ва шунга ўхшашлар алдов савдосига киради.
Биз юқорида келтирган далилларда бир неча йиллик савдони, яъни хурмо дарахтини
икки ё уч йилга сотиш савдоси ҳаром қилингани таъкидланган, яъни улар савдо
ақди пайтида йўқ бўлган нарсалардир. Мева ва экин ҳосилини ҳали пайдо бўлмай
туриб сотиш, буларнинг барчаси алдов ва ноаниқ нарса савдосига киради. Демак,
бу биткоин воқесига ҳам тўғри келади. Чунки у манбаси номаълум товардир, уни
чиқарган ва кафолатини олган расмий томон ҳам номаълум. Шунга кўра биткоинни
сотиш ва сотиб олиш жоиз эмасдир. Валлоҳу аълам!
Интернет манбалари асосида тайёрланди
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Билолиддин Мустафо






