Аллоҳ табарока ва таоло инсоният зурриётини давом эттиришни, иноқ ва аҳилликда яшаб, у зотни таниб, ибодат қиладиган зурриётларни тарбия қилишни ирода қилди. Аллоҳ таоло айтади:
فَانكِحُواْ مَا طَابَ لَكُم مِّنَ النِّسَاء
“Ўзларингга суюкли бўлган аёллардан никоҳланинглар” деб марҳамат қилади.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
“Никоҳ менинг суннатимдандир. Ким суннатимдан юз ўгирса у мендан эмас” деганлар.
إنّ الرجل إذا نظر إمرأته و نظرت إليه نظر الله إليهما نظرة رحمة إذا أخذ بكفها تساقطت ذنوبهما من خلأ اصابعهما
“Қачонки эр ўз аёлига, аёл эса ўз эрига меҳр билан қараса, Аллоҳ таоло уларга раҳмат назари билан қарайди. Бордию кафтини кафтига қўйса бармоқлари орасидан гуноҳлари дув-дув тўкилади” деб марҳамат қилган лар.
Аллоҳ таоло эр ва хотиннинг хақ-ҳуқуқларини баён қилиб шундай дейди:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء
Эркаклар аёлларнинг устидан рахбардирлар.
Ушбу ояти каримада эркаклар аёлларни яхши амалларини тақдирлаб, шариатга маъқул бўлмаган амалларини тўғрилаб, назорат қилувчи деб эркак кишини аёл кишидан устунлигини таъкидлаяпти.
بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ
Оятнинг давомида эркакларни хоссатан келтиришининг сабаби эркакларнинг ақллари комил қилиб яратилганлини, шу орқали чиройли тадбир қилишларини ва қувватлари зиёда бўлганлигидандир.
وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِم
Устунлик сабаби эса аёлларга ўз молларидан инфоқ қилиб, махрларини адо қилиб, емоқлик, киймоқлик ва турар жой билан таъминламоқлик эканлигини таъкидлайди.
Оила гўёки бир шаҳарга ёхуд корхонага ўхшайди. Уни бошқариб турувчи ҳоким ёки директор керак бўлади. Агар раҳбар бўлмаса шаҳар ва корхона пароканда бўлиб, таназзулга учрагани каби оила ҳам раҳбарсиз барбод бўлади. Бу айтилган устунлик ўзини юқори олиш ёки шараф учун эмас, балки Оламлар роббиси амар қилгани учундир.
Аллоҳ таоло эркакларга итоат қилувчи аёлларни мадх қилиб шундай дейди:
فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ
Солиҳа, Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилувчи, эрлари ҳозир бўлмаганда уларнинг молларини, обрўсини, шарафини ҳимоя қилувчи, эр ва хотин орасидаги сирларни фош қилмайдиган аёлларнинг фазилатини баён қилиб мақтаябти.
Афсуслар бўлсинким динимиз хукмларини ўрганиб, уни ҳаётга тадбиқ этиш бемалол бўлган бир замонда ҳам даҳрийлик иллатларидан қутила олмаган эркак ва аёллар Аллоҳ таолонинг хукми ва шариатини енгил санашиб, ўзларининг оила ва жамиятдаги бурчларини адо этмаётганлари бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири десак хато бўлмайди. Бунинг сабабидан улар дин-диёнатини, қадриятларини унитиб, кимларгадир тақлид қилиб, мол-дунёга, чексиз орзу-хавасларга, қўйингки дунёнинг ўткинчи матоҳларига ружу қўйдилар. Натижада фарзандлар тарбияси ачинарли ҳолатга айланди. Бу вабо ёш оилаларнинг муқаддас никоҳлари дарз кетишига ҳам катта таъсир кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло уларни ислоҳ қилсин.
Аллоҳдан эркакларимиз ўз вазифаларини жаноби хақ бюрганидек адо қилишини, аёлларимиз эса эрларига шариатимиз кўрсатмасига мувофиқ эрларига итоат қилиб, фарзандларига яхши насиҳатгўй бўлишларирни сўраймиз. Амийн я Роббал аламийн!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Сўпиев Айюбхон





