“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири М.Насриев бошчилигида бир гуруҳ устозлар жорий йилнинг 6 октябрь куни Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрдилар. Ҳадис илми мактаби ходимлари меҳмонларни илиқ кутиб олдилар. Дастлаб Имом Бухорий ҳазратларининг мақбараси зиёрат қилинди. У зотнинг рухларига Қуръон Карим тиловат савоблари бағишланди.
Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган марказ ва Ҳадис илми мактабининг яратилиши тарихи, бу ерда икки йил давомида амалга оширилган қурилиш, бунёдкорлик ишлари, илмий ходим ва тингловчиларнинг буюк аждодлар меросини ўрганишлари учун яратилган шароитлар, марказдаги тарихий қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Имом Бухорий ҳаёти ва ижодига бағишланган музей билан танишиб, батафсил маълумот олинди.
Меҳмонлар Ҳадис илми мактаби биносида бўлиб, у ерда билим олиш учун яратилган шароитлар билан танишишди. Ўқув аудиториялари, талабалар турар жойи, спорт комплекси, ошхона ҳамда ахборот ресурс маркази кўздан кечирилди. Бу ердаги имкониятлар ҳар бир илмга чанқоқ талабанинг орзуси эканлигини эътироф этдилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






