وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ: يَا رَبِّ حَلِّهِ فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ زِدْهُ فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ فَيَرْضَى عَنْهُ فَيُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон келади ва: «Эй Раббим, уни (яъни Қуръон ўқиган бандани) кийинтиргин!» дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра: «Эй Раббим, унга зиёда қилгин!» дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. Сўнгра (Қуръон): «Эй Раббим, ундан рози бўлгин!» дейди. Бас, (Аллоҳ) ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига): «Ўқи ва кўтарилиб боравер», деб айтилади. Бас, (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади» (Термизий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).
Демак, Қуръон қиёмат куни Аллоҳдан ўз соҳибини безатишни, унга иззат-икром кўрсатиш ва ўша бандадан рози бўлишини сўрар экан. Қуръоннинг бундай шафоатига эришиш учун банда Қуръон ўқиши, Қуръон ҳақларини адо қилмоғи керак.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида ташкил этилган “Қуръони Карим ва тажвид” фани бўйича тўгаракларда фаол иштирок этиб, Қуръони Каримни шу ерда ёдлашни бошлаб ҳозирги кунда тўлиқ ёд олиб, уни тажвид билан гўзал тарзда тиловот қилиш маҳоратини ўзлаштирган ҳамда ўзининг намунали хулқи ва дарслардаги фаоллиги учун 4 нафар 3-курс талабаси: Насриддинов Муҳаммадшокир, Фозилов Юнусжон, Обидов Қосимжон ва Абдуллаев Ҳадиятулло билим юрти томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Уларга таълим-тарбия бериб келаётган билим юрти Қуръони Карим фани мударрисларидан Жасур Кулбаев билим юрти томонидан ташаккурнома билан тақдирланди.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти Матбуот хизмати






