Умар розияллоҳу анҳу Мадина бўйлаб сайр қилиб юрар эдилар. Ёш болалар рўпарасидан чиқиб қолганларида, у кишининг ҳайбатларидан болалар ҳар томон тарқаб кетишди. Фақатгина бир бола одоб билан жойида турар эди. Умар розияллоҳу анҳу у болага: “Эй, бола! Нега қолганларга ўхшаб қочмадинг?” дедилар. У: “Золим бўлмасангиз, сиздан қўрқсам. Жазоловчи бўлмасангиз, жазолашингиздан қўрқсам. Йўл кенг бўлса, сизни ҳам мени ҳам сиғдира олади” дев жавоб қайтарди. Саҳобий болалар шундай бўлишган!
Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳнинг халифаликка сайланганлигининг илк даврида ҳузурларига табриклаш учун ҳар томондан вакиллар келишди. Сўзга ёш бола чиқди. Бундан У кишининг аччиғи чиқди ва “Сен қайт. Ёши каттароғи чиқсин” дедилар. У бола: “Аллоҳ ишингизнинг ривожини берсин! Ҳақиқий киши икки нарсаси биландир: қалби ва тили. Аллоҳ таоло бандага гапирувчи тил ва тоза қалб берган экан, гапиришликка ҳақлидир. Агар иш сиз айтгандек бўладиган бўлса, бу ўринга уммат ичида сизданда кўра ҳақлироқ кишилар топилади”, деб жавоб қайтарди. Бу сўзларни айтган бола ўн ёшни қаршилаган эди, холос!
Абдулмалик ибн Марвоннинг олдига бир гуруҳ одамлар келишди. Эшик оғасига ғазаб қилиб “Олдимга дуч келган одамларни ҳам киритаверасанми? Ёш болалар ҳам кираяпти?!” деб танбеҳ берди. Ўша ёш бола: “Амирим! Менинг сизнинг олдингизга киришлигим қадрингизни туширмайди, лекин менинг қадримни оширади. Биз озиб-тўзиб фақатгина тери ва суяк қолган кунга етиб келдик. Агар сизнинг ҳузурингизда Аллоҳ учун мол-мулк бўладиган бўлса, мана биз Аллоҳнинг бандаларимиз. Бизга уларни садақа қилиб беринг. Агар бўлса нега уларни биздан тўсаяпсиз?” деб жавоб қайтарди. Бу гапларни эшитган халифа: “Аллоҳга қасамки, бу бола бирортамизга узр қолдирмади” деди.
Аллоҳ таоло бу болалар каби бугунги кун фарзандларини ҳам шижоатли қилсин!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев араб тилидан таржима қилди.





