Қуръон ўқувчининг фазилати
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, уни севиш, ўрганиш, тарқатиш, маъноларини ўзлаштириш ва бошқаларга ўргатиш ўзига хос фазилат бўлиб, Расулуллоҳ жаноблари орқали бу шарафли амалларга Аллоҳ таолонинг алоҳида ажр-мукофотлари ваъда қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ
Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир*.
Юнус сураси 58-оят.
* Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири – фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси – раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяр.
Ибн Аббос (рз.а.), Ҳасан Басрий ва Қатода (рҳ.а.)лар оятдаги “Аллоҳнинг фазли” – ислом. “Унинг раҳмати” – Қуръон, деб тафсир қилганлар. Абу Саид ал-Худрий (рз.а.) эса, Аллоҳнинг фазли – Қуръон, Унинг раҳмати – Қуръонга аҳл бўлишдир, деган. Бундан бошқача тафсирлар ҳам мавжуд. Бақара сураси 269-оятда марҳамат қилинади:
يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ
У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Қуръон омонатини етказар эканлар, унинг хизматида камарбаста бўлишга ҳам жиддий аҳамият берганлар, саҳобаларни бу ишга ўзига хос гўзал услубларбилан тарғиб қилганлар, қизиқтирганлар. Ул зотнинг қорилар фазилати ҳақида жуда кўп ҳадислари бор. Ҳадисларни диққат билан ўқиб чиқар экансиз, қалбингизда беихтиёр Қуръон ва унинг аҳлларига нисбатан кучли муҳаббат ва ҳавас, уни ёдлашга ҳиммату-ғайрат, бошқаларга ўргатишга қудрату-шижоат, бу шарафли амаллар учун берилажак ажр-мукофотларга ишонч ва умид уйғонса, ажабмас. Айниқса, бу ҳадисларда Қуръон хизматида камарбаста бўлиб турган аҳли илмларни янада руҳлантириб, рағбатлантирувчи маънолар борки, кишини яна ҳам завқ-шавқ билан хизмат қилишга ундайди. Зотан, бу ҳадисларнинг барчаси, айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари аҳли Қуръонларга берган ҳушхабарларидир! Инсонларнинг энг улуғи, Қуръон билимдони, фасоҳату балоғатда мислсиз Расулуллоҳ жаноблари айнан бу кишилар ҳақида қуйидаги ҳушхабарларни билдирганлар:
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганингиздир».
Имом Аҳмад ва олти тўплам эгалари ривоят қилган.
Айюб ибн Мусодан ривоят қилинди: «Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан эшитдим, у шундай деди: «Мен Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана эса ўн баравардир. Мен «алиф лам мим» битта ҳарф, демайман. Балки, «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф, «мим» бир ҳарф!» дедилар», деяётганини эшитганман».
Термизий ривоят қилган.
Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Ҳой! Албатта, Набийингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ бу Китоб билан баъзи одамларни юксалтиради, бошқаларни пастлатади», деганлар».
Имом Муслим ва Ибн Можа ривоят қилган.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Парвардигор азза ва жалла: «Кимни Қуръон ва менинг зикрим мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўраганларга берадиганимнинг афзалини бераман», дейди. Аллоҳ каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳнинг махлуқотларига нисбатан бўлган фазли кабидир!»
Термизий ривоят қилган.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръон ўқийдиган мўмин бамисоли утружжа, ҳиди ҳам ширин, таъми ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса бамисоли хурмо, ҳиди йўғу, таъми ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ бамисоли райҳон, ҳиди ширину, таъми аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса басмисоли ҳанзала, ҳиди йўқ, таъми ҳам аччиқ» .
(Бир ривоятда «мунофиқ» сўзи ўрнида «фожир» сўзи қўлланган).
Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва ибн Можа ривоят қилган.
Фурқон сураси 63-оятда марҳамат қилинади:
وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْنًا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَامًا
Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир.
Шу оятдан бошлаб 76-оятгача мустаҳкам иймон ва чин ихлосли солиҳ мўминларнинг яхши сифатлари мадҳ этилган. Гарчи, улар тавсиф шаклида зикр этилган бўлса-да, барча мўмин-мусулмонлар уларни илоҳий тавсия, ҳатто, буйруқ сифатида қабул қилишлари лозимдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон ҳофизи бўлишдек неъмат берилган ҳар бир инсон ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олиб, Қуръоний хулқ билан хулқланиши лозим. шунингдек, улар бошқалардан фарқли ўлароқ, ибодат ва бошқа барча солиҳ амалларда илғор бўлишлари лозим.
“Тажвид” луғатда яхшилаш, сифатли қилиш маъносини англатади. Истилоҳда эса, Қуръоний сўзларни тўғри, хатосиз ўқиш “тажвид” дейилади.
Тажвид қоидаларига амал қилиш ҳар бир мукаллаф (ақлли ва балоғатга етган) эркак ва аёлга фарздир. Зеро, бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Қуръон ўқиган ҳар бир кишига тажвидга амал қилиш фарздир”, деганлар.






