“Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳусни хулқ”
عَنْ أَبِي ذَرٍّ جُنْدُبِ بْنِ جُنَادَةَ وَأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ». (رواه الترمذي وقال: حديث حسن. وفي بعض النسخ: حسن صحيح.
Абу Зар – Жундуб ибн Жунода разияллоҳу анҳу ва Абу Абдурраҳмон Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан тақво қил! Ёмонлик ортидан бир яхшилик қилгинки, уни ўчириб юборади. Одамлар билан чиройли хулқ ила муомалада бўлгин”. (Термизий ривоятлари).
Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Тақво нажот йўлидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан тақво қилишга чақирадилар. Чунки у яхшиликни ўзида жамловчи, ёмонликдан қайтарувчи хислатдир. Мўминлар айнан тақво сабабли Аллоҳ таоло нусрати ва мададига ҳақли бўладилар: “Албатта Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).
Пок Парвардигор тақво эгаларига чиройли ризқ ва бало-офатлардан омонлик ваъда этган: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун ташвишлардан чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантирур”. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Аллоҳ Ўзидан қўрқадиган бандага албатта раҳм қилади: “Аллоҳ деди: Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва оятларимизга иймон келтирувчи бўлган кишиларга ёзурман”. (Аъроф сураси, 156-оят).
Тақводор зотлар Охиратда олий мақомларга эришадилар: “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёларда қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар”. (Қамар сураси, 54-55-оятлар).
– Комил тақво
Шубҳали нарсалардан йироқ юриш киши тақвосининг комиллигини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва номусини сақлабди!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳаромга аралашиб қолишдан қўрқиб, ҳатто мубоҳ-мумкин нарсаларни ҳам тарк этмоқ юқоридаги ҳадис мазмунидан тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда зиёнли (ҳаром) нарсалардан қўрқиб, ҳеч бокиси йўқ (мубоҳ) нарсаларни ҳам тарк этмагунга қадар, тақводорлардан бўла олмайди”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Ҳасан Басрий айтадилар: “Тақво сифати тақводор зотларда давом этиб, ҳатто ҳалол нарсаларни ҳам тарк этишларига тўғри келган”.
– Банда қандай қилиб тақводор бўлади?
Мусулмон фарзанди ҳақиқий тақводор зотлар сафига қўшилиши учун аввало динини яхши билмоғи лозим. Чунки у Исломни яхши билмай туриб, нималардан тақво қилиши кераклигини билолмайди. “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур!” (Фотир сураси, 28-оят).
Жоҳил-оми киши нима вожибу нима ҳаромлигини ажрата олмай қолади. Шу боис, илм олиш энг афзал ибодатлардан саналади.
– Аллоҳга тавбалар этмоқ ва хайрли амаллар қилишга шошилмоқ тақводор мўминлар хулқидандир
Пок Парвардигор ўзининг тақводор бандаларини Қуръони каримда қуйидагича тавсифлайди: “Улар қачон бирон-бир фаҳш ишни қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган – ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур – билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир”. (Оли Имрон сураси, 135-оят). “Тақво қилувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, ўшанда улар ҳақни кўра бошлайдилар”. (Аъроф сураси, 201-оят).
Tақводор қилиб қўйган гуноҳини ювиш учун дарҳол хайрли амаллар қилишга киришади. У Аллоҳнинг қуйидаги ваъдасига аниқ ишонади: “Албатта ҳасанотлар ёмонликларни кетказади”. (Ҳуд сураси, 114-оят). У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёмонлик-маъсият ортидан яхши-савобли амал қилгин: уни ўчириб юборади!” деган сўзларига амал қилади.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Шамсиддинхўжа Сулаймонов





