Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан 2018 йил 1-3 феврал кунлари “Ҳикматлар олами” мавзусида I Республика хаттотлик фестивали ташкил этилди. Фестивал доирасида юздан ортиқ хаттот ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари намойиш этилди. Тақдим этилган хаттотлик ишлари ҳайъат томонидан юқори баҳоланиб, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Маматов Ислом “Меъморий хаттот” номинацияси ғолиби деб топилди. Ғолибларга ҳайъат томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.


Маълумот учун: “Хаттотлик” Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан бу ўлкага “Қуръон карим” нозил қилинган араб ёзуви кириб келди. Ўрта Осиё халқлари муомаласидаги қадимий уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий ёзувлари истеъмолдан чиқиб, VII аср охиридан Қуръон ёзуви илму фан ва давлат ишларида расмий ёзувга айланди. “Кўкалдош” ислом билим юрти талабалари ҳам дарслардан бўш вақтларида Хаттотлик санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмларнинг китобаларини яратиш тўгараклари билан шуғулланиб келмоқдалар. Араб ёзувининг кенг тарқалиши туфайли хаттотликнинг ривожланиши жадаллашди. Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш билан хаттотлар шуғулланган. Хаттотлик санъатига бағишланган кўплаб рисолалар 10 хил асосий хат услублари (насх, куфий, настаълиқ, сулс, тавқе, девоний, риқо кабилар) мавжудлиги ҳақида дарак беради. Ҳозирги кунда ҳам шаҳримизда бу касб бўйича устозларимиз бор. Устоз Ҳабибулло Солиҳ 1998 йилда Истанбулда ўтказилган Халқаро хаттотлар беллашувида “Девоний” хат услуби бўйича кучли ўнликдан ўрин олди. Шу билан бирга ҳозирги кунда Ислом Маматов, Ғофуржон Ҳақбердиев каби машҳур хаттотларимиз “Кўкалдош” ислом билим юртида фаолият кўрсатмоқда”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






