«Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтадилар. Эй иймон келтирганлар унга салавот айтингиз ва салом йўллангиз!» (Аҳзоб сураси 56-оят.)
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ўз пайғамбарига салавот ва салом йўллашларига шунчаки буюрибгина қолмади. Балки, буюришдан олдин аввало, Ўзи ва фаришталари у зотга салавот ва салом йўллашини таъкидлаб ўтди. Ундан сўнг иймон эгалари бўлмиш бандаларини мазкур ишга амр қилди. Мўмин учун бундан ортиқ ибрат ва намуна бормикин!? Расулуллоҳ ( соллалоҳу алайҳи васаллам) га салавот айтиш биз учун қай даражада фазилатли амал эканлигини билишимизга бутун борлиқни яратган Аллоҳ у зотга салавот йўллаганининг ўзи кифоядир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:» У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдилар:» Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унинг эвазига унга ўн салавот йўллайди «.( Муслим ривояти)
Аллоҳ таоло томонидан бандага салавот айтиши деганда у банданинг даражасини кўтариши, унга раҳм қилиши , савобларини кўпайтириб-гуноҳларини мағфират қилиши ва уни ўзининг ҳузуридаги фаришталарга мақтов билан зикр қилиши кабилар тушунилади.Демак Набий алайҳиссаломга бир оғиз салавот айтиш билан ўн ҳасанотни қўлга киритишимиз, ўнта гуноҳимиз кечирилиши ва Аллоҳнинг ҳузуридаги мақомимизни юксалтиришимиз мумкин экан. Бу бошқа ҳадисларда ўз тасдиқини топган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:» Расулуллоҳ с. а. в. : Қиёмат кунида инсонлар орасида менга энг яқини менга кўп салавот айтгувчиларидир», дедилар. (Термизий ривояти)
Албатта, қиёмат куни энг бахтиёр банда Расулуллоҳ с. а. в га яқин турадиган мўминдир. Бундай бахтга эришиш учун у Расулуллоҳ с. а. в. ни ота-онасидан, фарзандларидан ва барча инсонлардан ортиқ кўрмоғи, у зотга бўлган муҳаббати барча нарсанинг муҳаббатидан устун бўлмоғи лозим. Қолаверса, у зот орқали келган исломнинг барча рукнларига амал қилмоғи, ибодатларни тарк этмай тўла-тўкис адо этмоғи зарурдир. Мана шу сифатларга эга бўлган мўмин Расулуллоҳ с.а.в га қанча кўп салавот айтса у зотга яқинлашиб бораверади. Бунинг мукофоти ўлароқ, қиёматда ва жаннатда у кишига энг яқин умматларидан бўлади.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:» Расулуллоҳ с. а. в. : «Кунларингизнинг энг афзали жума кунидир. Шунинг учун у кунда менга кўп салавот айтинг! Чунки сизларнинг салавотингиз менга кўрсатиб турилади»,-дедилар. Шунда саҳобалар сўрадилар.:» Эй Расулуллоҳ! Бизнинг салавотларимиз қандай сизга кўрсатилади? Ҳолбуки, сизнинг жасадингиз чириган бўладику?!» У зот:» Аллоҳ пайғамбарларнинг жасадларини (чиритишни) ерга ҳаром қилган»,-дедилар». Абу Довуд ривояти.
Шу ва бошқа ҳадислардан маълум бўладики, банда қачон Набий с.а.в. га салавот ёки салом йўлласа, бир фаришта уни У зотнинг қабрларига бориб етказади. Расулуллоҳ с.а.в. эса у банданинг салавот ва саломига жавоб қайтарадилар. Чунки Аллоҳ таоло ҳар қачон Расулуллоҳ с.а.в. га бирор банда томонидан салавот йўлланса, У зотнинг муборак жисмларига руҳларини қайтаради. Хуллас, Аллоҳ ва унинг фаришталари, барча солиҳ инсонлар Пайғамбаримизга салавот айтадилар. Ибтидоси Аллоҳдан бўлган бу муборак йўлга биз ҳам эргашайлик! Бу ишимиз билан Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатларига сазовор бўлайлик! Аллоҳ бизларни ўзига маҳбуб бандалардан, Расулуллоҳ с.а.в. га муносиб умматлардан айласин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Комилхон Боқиев.






