Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бир куни жам бўлиб ўтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳудан бошлаб сўрадилар:
– “Дунёда нимани яхши кўрасиз?”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтдилар:
– Дунёда уч нарсани яхши кўраман:
- Сизнинг олдингизда ўтириш;
- Сизнинг юзингизга боқиш;
- Сизга бор-будимни бериш.
– “Сизчи эй Умар?”.
Умар розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:
– Мен ҳам уч нарсани яхши кўраман:
- Махфий бўлса ҳам, яхшиликка буюриш;
- Жахрий бўлса ҳам, ёмонликдан қайтариш;
- Аччиқ бўлса ҳам тўғри сўзлаш.
– “Сизчи эй Усмон?”.
Усмон розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:
– Мен ҳам уч нарсани яхши кўраман:
- Таомлантириш;
- Саломни кенг ёйиш;
- Инсонлар ухлаган пайтда, тунда намоз ўқиш.
– “Сизчи эй Али?”.
Али розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:
– Мен ҳам уч нарсани яхши кўраман:
- Меҳмонни икром қилиш;
- Ёзда рўза тутиш;
- Душманни бошига қилич тортиш.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга юзланиб:
– “Эй Абу Зарр! Сизчи? Сиз дунёда нимани яхши кўрасиз?”.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:
– Мен ҳам дунёда уч нарсани яхши кўраман:
- Очлик;
- Касаллик;
- Ўлим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Нима учун?”.
– Очликни қалбим покланиши учун, касалликни гуноҳларим енгиллашиши учун ва ўлимни Роббимга йўлиқишим учун яхши кўраман.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
– “Менга дунёнгизда уч нарса суюкли қилинди:
- Хушбўйлик;
- Аёллар;
- Кўз-қорачиғим намозда бўлиши”.
Шу пайтда Жаброил алайҳиссалом тушдилар. Уларнинг барчаларига салом бердилар ва айтдилар:
– Менга ҳам дунёнгизда уч нарса суюклидир:
- Рисолатни етказишлик;
- Омонатни адо қилишлик;
- Мискинларни яхши кўришлик.
Сўнг Жаброил алайҳиссалом осмонга кўтарилиб кетдилар. Бир оздан сўнг қайтиб тушдилар ва айтдилар:
– Аллоҳ таоло сизларга салом айтиб юборди. У зот ҳам дунёнгизда уч нарсани яхши кўрар экан:
- Зикр қилувчи тил;
- Хушуъ қилувчи қалб;
- Балоларга сабр қилувчи жасад.
Аллоҳим бизларни барчамизни доимо Аллоҳни зикр қилувчи, қалби хушуъда юрувчи ва балоларга доимо сабр қилувчи бандаларинг қаторидан қилгин! Ҳамда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига эргашишлигимизни насиб айлагин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ
манбалар асосида тайёрлади.






