“Ҳадис” сўзи, луғатда “янги”, “сўз” деган маъноларни ифодалайди.
Уламолар истилоҳида эса, “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган “сўз” ёки “феъл” ёки “тақрир” ёки “сифат” га айтилади.
А). “Сўз” . Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг айтган гапларини “қовлий ҳадис” дейилади: Масалан:
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا ِلإِمْرِئٍ مَا نَوَى… .«مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятлар билан (эътиборлидир). Албатта, кишига ният қилган нарсаси бўлади…”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Б). “Феъл”. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилган амалларини “феълий ҳадис”, деб аталади: Масалан: У зотнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж қилишлари ва бундан бошқа ишларини айтишимиз мумкин. Бунга ушбу ҳадисни мисол қилишимиз мумкин:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَرَأَ فِي رَكْعَتَي الفَجْرِ : قُلْ يَا أَيُّهَا الكَافِرُونَ وَ قُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ . رَوَاهُ مُسلِمٌ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдоднинг икки ракъатида (суннатида) “Қул я айюҳал кафирун” ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ни ўқидилар”. Муслим ривоят қилган.
В). “Тақрир”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларида саҳобалар томонидан бирор иш қилинган бўлиб, пайғамбаримиз алайҳиссалом уни маъқуллаган ёки уни инкор қилмаган бўлсалар, бу ҳадисга “тақририй ҳадис” дейилади: Масалан:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا : أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعَثَ رَجُلاً عَلَى سَرِيَّةٍ فَكَانَ يَقْرَأُ لِأَصْحَابِهِ فِي صَلاَتِهِمْ فَيَخْتِمُ بـ قُل هُوَ الله أَحَدٌ ، فَلَمَّا رَجَعُوا ذَكَرُوا ذَلِكَ لِرَسوُلِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ : « سَلُوهُ لِأَيِّ شَيْءٍ يَصْنَعُ ذلِكَ » ؟ فَسَألُوهُ فَقَالَ : لِأَنَّهَا صِفَةُ الرَّحْمنِ فَأَنَا أُحِبُّ أَنْ أقْرَأَ بِهَا . فَقَالَ رَسُول اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « أَخْبِرُوهُ أَنَّ اللهَ تَعَالَى يُحِبُّهُ » . مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини сарийяга (аскарлар гуруҳига) (бош) қилиб жўнатдилар. У асҳобларига намозларида қироат қилиб, “Қул ҳуваллоҳу аҳад” билан тугатарди. Улар қайтишгач, шуни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишди. Шунда у зот: “Ундан сўрангларчи, нима учун шундай қилди экан?” – дедилар. Ундан сўрашди. У киши: “Чунки у Роҳманнинг сифати, шунинг учун мен уни қироат қилишни яхши кўраман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга хабар беринглар, Албатта Аллоҳ ҳам уни яхши кўради”, дедилар. Муттафақун алайҳ.
Г). “Сифат”. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар, у зотнинг бўйи -бастлари, тана тузилишлари, ҳамда ахлоқий сифатлари ҳақида васф қилиб беришган ҳадисларга айтилади.
“Хабар” сўзи, луғатда “содир бўлган маълумотни бировга етказиш” дан иборатдир.
Уламолар истилоҳида эса, уч хил маънода келади:
- “Хабар” “ҳадис” билан муродиф бўлиб, иккови ҳам бир маънода ишлайверади.
- “Хабар” “ҳадис”дан фарқ қилади. “Ҳадис” Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган нарсага айтилади. “Хабар” эса, у зотдан бошқалардан ривоят қилинган нарсаларга айтилади.
- “Хабар” “ҳадис”дан умумийроқдир. “Ҳадис” Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган, ривоят қилинган нарсаларга айтилади. “Хабар” эса, ҳам пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ва ҳам у зотдан бошқалардан ривоят қилинган нарсага айтилади.
“Асар” сўзи луғатда “қолдиқ” деган маънони ифодалайди.
Уламолар истилоҳида эса, икки хил маънода келади:
- “Асар” “ҳадис” билан муродифдир. Яъни, “ҳадис” билан “асар” бир хил маънода ишлатилаверади.
- “Асар” “ҳадис”дан бошқадир. “Ҳадис” Набий алайҳиссаломдан келган нарсаларга айтилади. “Асар” эса, саҳоба ва тобеъинларга нисбат берилган сўз ва феълларга айтилади.





