Музаний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Бир куни пешин ва аср орасида Имом Шофеъий ҳузурида сўрида ўтирган эдик. Имом Шофеъий устунга суяниб ўтирар эдилар. Шунда тўсатдан жундан қилинган тўн, салла ва изор кийиб олган, қўлида ҳасса ушлаб олган бир шайх кириб келди. Имом ўринларидан туриб, унинг олдида кийимларини тўғирладилар ва тўғри ўтириб олдилар. Шайх салом бериб ўтирди. Имом унга ҳурмат билан қарай бошладилар.
Шайх:
– Савол сўрасам бўладими?
Имом:
– Сўранг.
– Аллоҳнинг динида суяниладиган ҳужжат нима?
– Аллоҳнинг китоби
– Сўнг қайси?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари.
– Сўнг қайси?
– Умматнинг иттифоқи (ижмоъ).
– Умматнинг иттифоқи эканлигини қаердан айтяпсиз (далилингиз қайси)?
– Аллоҳнинг китобидан.
– Аллоҳнинг китобининг қаеридан?
Имом Шофеъий бир муддат сукут сақлаб қолдилар. Сўнг шайх: “Сенга уч кеча ва кундуз муддат бераман. Иттифоқ ҳақида Қуръондан далил келтирсанг келтир, бўлмаса Аллоҳга (Аллоҳнинг китобида бор, деганинг учун) тавба қил”.
Сўнг имомнинг ранглари ўзгарди. Уйга бориб уч кеча кундуз чиқмадилар.
Учинчи куни мана шу вақтда чиқдилар. У зотнинг қўл, оёқ ва юзлари бироз ишган, бетоб едилар. Ўтирганларидан ҳалиги шайх яна келиб: “Сўраганим нима бўлди?”, деди.
– Ҳа, Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳ таоло айтади:
“و من يشاقق الرسول من بعد ما تبين له الهدى ويتبع غير سبيل المؤمنين نوله ما تولى و نصله جهنم و سآءت مصيراً
“Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Расулга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!” (Нисо сураси 115-оят).
– Тўғри топдинг.
Шайх туриб, кетганидан соʻнг Имом Шофеъий айтдилар: Ҳалиги киши олдимдан (биринчи мартасида) кетганидан бошлаб ҳар бир кеча ва кундузда Қуръонни уч мартадан ўқидим (умумий 9 марта бўлади!) ва қидирган нарсамни топдим.
Муҳаммад Аввоманинг “Алмухтар мин фароидин нуқул вал ахбар” китобидан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Узоқов Абдулвосид таржимаси.






