Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шижоатли ва довюрак бўлиш билан бирга, жисмонан ҳам бақувват эдилар. Бу нарса эркак кишидаги комиллик ва етукликни билдиради.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хандақ куни чуқур қазиётганимизда бир катта тош чиқиб қолди. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ўзим чуқурга тушаман» деб, жойларидан қўзғалдилар. Ҳолбуки, ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очликдан қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Биз ҳам уч кундан бери ҳеч нарса тотмаган эдик. У зот чўқмор билан ҳалиги катта тошни бир урган эдилар, тош қумдек сочилиб кетди».[1]
Бошқа ривоятларда бу тош харсангтош бўлгани, саҳобалар ҳар қанча уринсалар ҳам, уни жойидан қўзғата олмай, ҳатто чўқморлари ҳам синиб кетгани, шундан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссаломга арз қилганлари ҳамда у зот харсангтошни уч зарбада парчалаб юборганлари баён этилган. Харсангтошни парчалашга бир неча бор уринганларидан кейин саҳобаларнинг қўллари толиқиб кетгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса тошни бор-йўғи уч зарбада парчалаганлари у зотнинг куч-қувватлари қай даражада эканини кўрсатади. Ҳолбуки, ўшанда ул зот уч кундан бери туз тотмаган, оқибатда очликдан қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Очлик инсон жисмини қанчалик заиф ва нимжон қилиб қўйиши ҳаммага маълум. Уч кундан бери туз тотмаслик оқибатида келиб чиқадиган қаттиқ очликни таърифламасак ҳам бўлади. Агар оч бўлмаганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қувватлари бундан-да зиёда бўлиши шубҳасиз эди.
Исҳоқ ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рукона ибн Абду Язидга: «Мусулмон бўл», дедилар. Рукона: «Сен айтаётган нарсани ҳақ деб билганимда, қабул қилган бўлардим», деди. Шунда Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи васаллам Руконанинг курашга моҳирлигини ва бирор марта ҳам кураги ерга тегмаганлигини инобатга олиб: «Нима дейсан, агар сени курашда енгсам, айтганларим ҳақлигига ишонасанми?» дедилар. Паҳлавонлиги билан танилган Рукона: «Ҳа», деб жавоб берди. Расулуллоҳ бир зумда унинг курагини ерга теккиздилар. Бу ҳолдан ажабланган Рукона: «Яна бир марта кураш тушайлик, эй Муҳаммад», деди. У зот яна унинг ёқасидан тутиб, бирпасда ерга қулатдилар. Бундай бўлишини кутмаган Рукона: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас, бунга ўхшаш сеҳрни ҳеч қачон кўрмаганман. Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, сен курагимни ерга теккизганингда ҳеч нарса қила олмай қолдим» деб, тан берди».[2]
Бу ҳадис Руконанинг ўзидан ҳам ривоят қилинган бўлиб, унда мағлуб бўлган Руконанинг Исломни қабул қилгани очиқ-ойдин келтирилган. Руконанинг «Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, сен курагимни ерга теккизганингда ҳеч нарса қила олмай қолдим» деб тан олаётганидан кўриниб турибдики, Пайғамбар алайҳиссалом паҳлавонлар ҳам ип эша олмайдиган даражада бақувват бўлганлар. Яна шуни таъкидлаш лозимки, Рукона Қурайш орасида жисмонан бақувват ва норғул киши сифатида танилган бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломдан олдин ҳеч кимдан енгилмаган эди.
[1] Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган.
[2] Имом Байҳақий ривояти.






