Бугунги глобаллашув шароитида миллий ва диний меросни чуқур англаш, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод қалбига сингдириш ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ислом илм-фани ва маънавиятини теран ўрганишга қаратилган амалий-маърифий тадбирлар талабалар дунёқарашини бойитишда муҳим ўрин тутади. Шу маънода, 3 июнь куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртининг 2-босқич талабалари ҳамда “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаларининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига амалга оширган ташрифи юксак маърифий аҳамият касб этди.






Ташриф билим юрти мударрислари Жумабоев Аваз, Рўзиқулов Икром, Абдусатторий Абдуллоҳ ҳамда гуруҳ раҳбарлари бошчилигида ташкил этилди. Мазкур сафардан кўзланган асосий мақсад — талабаларни юртимизда ислом цивилизацияси, илм-фан ва маънавият соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, аждодларимиз қолдирган бой илмий-маърифий меросга нисбатан юксак эҳтиром туйғусини шакллантиришдан иборат бўлди.
Ташриф доирасида талабалар учун марказ мутахассислари иштирокида махсус маҳорат дарси ҳам ташкил этилди. Унда ислом цивилизациясининг тараққиёт босқичлари, Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, қадимий қўлёзмаларни асраш ва тадқиқ этиш усуллари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, ёшларга илмий изланиш маданияти, манбалар билан ишлаш кўникмалари ҳамда маънавий меросни тарғиб этишнинг замонавий усуллари юзасидан амалий тавсиялар тақдим этилди.





Ташриф давомида талабалар марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, тарихий манбалар ва замонавий интерактив экспозициялар билан яқиндан танишдилар. Айниқса, буюк мутафаккирлар — Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган бўлимлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Марказда яратилган замонавий шарт-шароитлар, рақамли технологиялар асосида ташкил этилган кўргазмалар ҳамда илмий-тарихий материалларнинг тизимли тақдим этилиши ёшларда миллий ўзликни англаш, маънавий меросга дахлдорлик ҳиссини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, талабалар ислом цивилизациясининг нафақат диний, балки илм-фан, маданият, меъморчилик ва ижтимоий ҳаёт тараққиётидаги ўрни ҳақида ҳам муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Бундай маърифий ташрифлар ва маҳорат дарслари ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, илмга муҳаббат ҳамда аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Зеро, буюк аждодлар меросини англаган, унинг қадрига етадиган авлодгина миллат келажагини мустаҳкам пойдевор асосида барпо эта олади.
Шубҳасиз, мазкур ташриф талабалар учун нафақат тарихий-маърифий саёҳат, балки маънавий камолот ва илмий тафаккурни юксалтиришга хизмат қилувчи унутилмас таассуротлар манбаи бўлди.
📝Тарбиячи-педагог Абдусатторий Абдуллоҳ






