Бугун, 13 май куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртининг 4-босқич талабалари учун билим юрти мударрислари Ж. Холмўминов, А. Абдуллаев, тарбиячи-педагог А. Абдусатторий ҳамда гуруҳ раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига маърифий ташриф ташкил этилди.



Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — талабаларнинг миллий ва маънавий қадриятларга бўлган эҳтиромини мустаҳкамлаш, уларни халқимиз бой тарихий мероси, ноёб қўлёзмалар, қадимий манбалар ҳамда ислом илм-фани тараққиётига оид бебаҳо илмий асарлар билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.




Ташриф давомида марказда жамланган экспонатлар, тарихий ҳужжатлар ва нодир манбалар орқали ислом цивилизациясининг юртимиз ҳудудида шаклланиши, ривожланиши ва жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, буюк алломаларимиз қолдирган илмий-маърифий мероснинг мазмун-моҳияти, унинг бугунги кундаги аҳамияти хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Мазкур маърифий ташриф талабаларнинг тарихий хотира ва маънавий меросга бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларнинг илмий дунёқараши ва маърифий тафаккурини бойитишда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир сўнгида талабалар ўзларида катта таассурот қолдирган ушбу ташриф учун миннатдорлик билдириб, аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва уни келгуси авлодларга муносиб тарзда етказиш ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчи эканини таъкидладилар.
Тарбиячи-педагог Абдусатторий Абдуллоҳ






