Рўза тутмасликни мубоҳ қилувчи узрлар қуйидагилардир:
1. Сафар. (яъни, муқимликни ният қилмаган мусофир)
2. Касаллик. Яъни, рўзани ўта машаққат билан тутадиган бўлса, ёки касали уни ҳалокатга олиб борадиган бўлса, ёки рўза тутса касали зиёдалашиб кетса, ёки рўза тутса касалининг тузалиши кечикадиган бўлса, бундай касаллик рўза тутмасликка узр бўла олади. Аммо рўза тутиши унга зарар қилмайдиган касаллик бўлса, касали унга рўза тутмасликка узр бўла олмайди. Масалан: тиш оғриги кабилар.
3. Ҳомиладорлик ёки эмизиклилик. Бунда рўза тутиш аёлнинг ўзига ёки эмаётган болага ёки эмизаётган онага хавфли бўлиши шарт қилинган. Агар рўза ҳомиладорга ёки эмаётган болага ёки эмизаётган онага хавфли бўлмаса, ҳомиладорлик ва эмизиклилик рўза тутмаслик учун узр бўла олмайди.
4. Ўта қарилик.
5. Рўза тутганидан сўнг қаттиқ очликни ёки чанқоқни ҳис қилса ва очлик ва чанқоқлик сабабли ҳалок бўлиши ёки ақли кетиши ёки баъзи аъзоларига талофат етиши хавфи бўлса, булар унга оғиз очишлик учун узр бўла олади. Агар ҳалок бўлиш хавфи бўлса, унга рўза тутиши мумкин бўлмайди.
6. Мажбурланиш. Ўлим ёки бирорта аъзосига талофат етказилиши билан таҳдид қилинган шахсга рўзани очиш узр ҳисобланади.
7. Машаққатли касб соҳиблари. Масалан: нонвой, темирчи каби касб соҳиблари. Бунда уларга рўзани очишга рухсат бўлиши учун касбни тўхтатса кун кечира олмайдиган даражага тушиб қолишидир. Шунда ҳам улар тонгда саҳарлик қилишади ва агар меҳнати давомида қаттиқ чанқаш ёки очлик сабабли зарар хавфи бўлса, рўзани очиш уларга узр бўлади.
Узр сабабли рўзани очганлар ҳам куннинг қолган қисмида емоқ-ичмоқдан сақланиб туриши лозим бўлади.
Буларнинг барчасига қазо тутиб бериш вожиб бўлади. Фақатгина тузалиши умид қилинмаган беморлар ва ўта қари кишилар фидя беришади. Агар улар ҳам кейин рўзага қодир бўлиб қолсалар, фидя берган бўлсаларда рўзанинг қазосини тутиб беришади.
Ҳайз ва нифосли аёлларга рўза тутиш мумкин эмас. Улар ҳам покланганидан сўнг қазосини тутиб беришади.
Ёш бола ва мусулмон бўлмаган кишилар шариатимизнинг ҳукмларига мукаллаф эмаслар. Лекин ёш болалар ҳам рўза тутсалар, уларга нафл рўзанинг савоби берилади. Ёшлигидан одатланиб, оз-оздан рўза тутиб боришса, балоғатга етган пайтда рўза тутишга қийналмайдилар.
Қудратуллоҳ Сидиқметов






