Бугун, 10 февраль куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳамда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси, буюк шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир “Адабиётимизнинг етук намоёндалари” мавзусида ташкил этилди.



Тадбирни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мамуржон домла Эркаев кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг ўзбек адабиёти, миллий маънавият ва тафаккур тараққиётида тутган ўрни, улар қолдирган бой илмий-адабий мероснинг бугунги ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.



Тадбирга маърузачи меҳмон сифатида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессори, филология фанлари доктори Абдулхайров Манзар Хусанович таклиф этилди. Маъруза давомида профессор Навоий ва Бобур ҳазратларининг ҳаёти ва ижодий фаолияти, уларнинг ўзбек адабиёти ривожи ва миллий тафаккур шаклланишидаги беқиёс хизматлари ҳақида кенг қамровли илмий мулоҳазалар билдирди.
Хусусан, маъруза чоғида профессор қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлади:
“Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди — бу фақат адабий мерос эмас, балки миллатнинг маънавий хотираси ва тафаккур мактабидир”.


Учрашувда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари фаол иштирок этиб, маъруза юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар, адабий-илмий мулоқот ва фикр алмашинуви олиб борилди. Бу эса талабаларнинг адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилди.
Тадбир якунида билим юрти раҳбарияти томонидан маърузачи меҳмон Абдулхайров Манзар Хусановичга мазмунли маъруза ва илмий ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирилиб, ташаккурнома ҳамда тадбир хотираси сифатида эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир ёш авлодни буюк аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллий адабиётга бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлаш ва маънавий камолотни юксалтириш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Саидакрамов Саидазимхон Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси






