Қуръон ва суннатдан ижтиҳод йўли билан масала чиқариб олиш қобилиятига эга бўлмаган инсонларнинг зиммасига ижтиҳод қилишни юклаш кўтара олмайдиган юкни юклашдир.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
яъни: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар[1]” (Наҳл сураси 43-оят).
Ушбу оятнинг тафсирида Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳ алайҳ ўзининг “Аҳкомул қуръон” тафсирида қуйидаги иборани нақл қилади.
وَ نُقِلَ عنْ الجَلال المَحَلَّى: انَّهُ يَلْزَمُ غَيْرَ المُجْتَهدِ عامِياً كَانَ اوْ غَيْرَهُ التَّقْلِيْدُ للْمُجْتَهد لِقَوْل اللهِ تَعالى: فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ وَ الصَحِيحُ انَّهُ لا فَرْقَ بَيْنَ المَسائل الاعْتِقادِيةِ و غَيْرِها و بَيْنَ انْ يَكونَ المُجتهدُ حَيّاً او مَيّتاً[2]
Имом Жалолиддин ал-Маҳаллийдан нақл қилинади: “Мужтаҳид бўлмаган кишиларнинг барчаси мужтаҳидга тақлид қилиши лозим бўлади. Чунки, Алллоҳ таоло: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар”, дейди.Шу ўринда саҳиҳ сўз шуки,эътиқод масалалари ва ундан бошқа масалалар ўртасида фарқ йўқ. (Яъни, барча шаръий масалаларда мужтаҳид бўлмаган мужтаҳидга эргашиш вожиб бўлади. Шунингдек, мужтаҳидни тирик ёки вафот қилган бўлишининг ўртасида ҳам фарқ йўқ. Яъни, мужтаҳид тирик бўлса ҳам, ёки вафот қилган бўлса ҳам мужтаҳид бўлмаган кишилар мужтаҳиднинг йўлига эргашиш вожиб бўлади”.
Юртимизда мусулмонлари бир неча асрлардан бери динни ҳанафий мазҳаби асосида ўрганиб, ўзларининг ибодат ва муомилаларини шу мазҳаб асосида бажариб келади. Шунинг учун бошқа мазҳабларга нисбатан ҳанафий мазҳабининг аҳамияти ва афзаллиги бор. Баъзиларни бошқа мазҳабга ўтишида ёки мазҳабни инкор қилишида мусулмонлар ўртасида турли муаммолар бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг “Мазҳаблар – бирлик рамзи” номли китобида “Яхшилаб тушиниб олишимиз лозимки, агар мужтаҳид имомлар масалаларни таҳқиқ этиб, истинбот қилиб, тартибга солмаганларида, бутун олам зулматда ва гумроҳликда қолган бўларди, шариатнинг ҳукмларидан ҳеч ким тўла хабардор бўла олмасди. Чунки, шариат ҳукмларининг кўпчилиги далилларнинг зоҳиридан истинбот қилинмайди. Шундай экан, мазҳабларни ёмон деб билиш эҳсонга ношукрликнинг айнан ўзгинасидир”[3], дейдилар.
Аллоҳ таоло ҳамдлар бўлсин! Ўзининг неъматларини шукр қилишга ҳаммамизга тавфиқ берсин!
[1] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. -Тошкент : “Sharq” нашриёти, 2011. – Б. 271.
[2] Шайх Ҳакимул умму Ашраф Али Таҳановий. Аҳкомул қуръон. -Девбанд. Мактабатул ашрофийя. 2020. 13-жуз. – Б. 582.
[3] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мазҳаблар – бирлик рамзи. ”. -Тошкент: “Hilol-Nashir” нашриёти, 2014. – Б. 86.
🖋 Jaloliddin XOLMOʻMINOV
«Koʻkaldosh» OʻMIBY mudarrisi
🔵 @kukaldoshuz – diniy-maʼrifiy kanal!
📲 Rasmiy sahifalarimiz:
taplink.cc/kukaldoshuz






