Бағрикенглик ғояси узоқ тарихга эга бўлиб, ушбу тушунча асрлар давомида шаклланиб борган. У жамиятдаги турфа маданиятлилик, фикрлар хилма-хиллиги мавжудлигини тан олиш, қабул қилиш ҳамда ҳурмат қилишни англатади. Бугунги кунда бағрикенглик ғояси барча халқлар учун бирдек зарурдир. Бу масалага халқаро даражада ҳам аҳамият қаратилмоқда. ЮНЕСКО томонидан бағрикенгликка доир 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат, конвенция, келишув ва протоколлар қабул қилинган. Жумладан, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида «Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси» қабул қилинган. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъий назар бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилмоқда. Декларация қабул қилинган кун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган. Юртимизда ҳам ҳар йили мазкур сана кенг миқёсда нишонланади. Хусусан, ушбу кун муносабати билан бир қатор тадбирлар, конференциялар, симпозиумлар ташкил этиш анъана тусини олган. Ушбу тадбирларда турли миллат, дин ва конфессия вакиллари иштирок этиб, дўстона муносабатларнинг истиқболларини муҳокама этадилар. Бу эса, мамлакатимизда қарор топган миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликнинг амалий исботидир. Жумладан, ЮНЕСКОнинг «Бағрикенглик тамойиллари декларацияси»да шундай сўзлар келтирилади: “Толерантлик – бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашни ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни самимият, очиқ мулоқот ҳамда ҳур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради”. “Бағрикенглик – турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир”. Дарҳақиқат, бағрикенглик – турли–туманликдаги бирликдир. Ўзбекистонда ана шундай бирлик қарор топди. Дунёнинг қатор халқаро ташкилотларининг Ватанимизда турли миллат ва диний эътиқодга мансуб фуқароларнинг бир мақсад йўлида ҳамжиҳат , аҳил-иноқ бўлиб яшашини гўзал ва ноёб ҳодиса, дея эътироф этаётганлари бежиз эмас. Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш муҳимки, бағрикенглик ижтимоий адолатсизликка нисбатан сабр-тоқатли муносабатда бўлиш, ўз имон-эътиқодидан воз кечиш ёхуд бошқаларнинг эътиқодига ён беришни ўргатмайди. Аксинча, у инсон ҳуқуқларига эҳтиром билан муносабатда бўлишни, инсонларнинг фақат ўз манфаатларини кўзлаб эмас, балки бошқалар ҳам ўз ҳуқуқларига эга эканлигини тан олиб яшашни англатади. Мўътабар динимизда, манбаларида ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азиз ва мукаррам қилиб яратгани, улар бир-бирлари билан танишишлари,умумий фаровонлик йўлида ҳамкорлик қилишлари учун турли-туман халқ ва элатларга бўлиб қўйилгани таъкидланади. Дунёдаги бу каби турли-туманлилик Яратганнинг ўзига хос иродасидир. Шундай экан, ўзини мўмин ҳисоблаган ҳар бир киши қайси миллат, қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар жамики инсониятни эъзоз этиши муҳим аҳамиятга эгадир. Бир донишманддан: “Инсондаги барча яхши фазилатларни бир оғиз сўз билан ифодалаш мумкинми?” деб сўраганларида, у шундай жавоб берган экан: “Ҳа, бағрикенглик”. Ҳақиқатан ҳам, бағрикенглик инсондаги барча фазилатларнинг асоси, эзгуликларнинг ибтидосидир. Маълумки, юртимиз асрлар мобайни¬да турли маданиятлар, миллий анъаналар ва диний эътиқодлар учрашган табаррук замин саналади. Турфа дин ва миллат вакиллари истиқомат қилган ушбу диёрда неча-неча йиллар мобайнида аҳиллик, бирдамлик ҳукм суриб келган. Бу анъанани давом эттириш эса шу заминда яшаётган ҳар бир юртдошимиз зиммасидаги муқаддас бурчидир.
СаидАзимхон Саидакрамов
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси





