Бугун, 12 сентябрь куни, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг биринчи курс талабалари ва устозлари Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасига маърифий зиёрат уюштирдилар.

Зиёрат доирасида улар Ислом тарихида муҳим ўрин тутувчи зиёратгоҳлар ва таълим муассасалари билан яқиндан танишдилар. Таъкидлаш жоизки, мазкур мажмуа буюк фақиҳ ва аллома Абу Бакр Қаффол Шоший қабри жойлашган ҳудудда барпо этилган бўлиб, айнан шу сабабдан “Ҳазрати Имом” номи билан машҳур бўлган. Кўп йиллик тарихга эга бу муқаддас маскан “Хастимом” номи билан халқ орасида кенг танилган. Ҳозирги кунда бу ерда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ҳазрати Имом” жоме масжиди, Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси, Тошкент ислом институти, нашриёт-марказ, ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом цивилизацияси маркази фаолият юритмоқда. Зиёрат доирасида талабалар XVI асрда барпо этилган ва ўз замонасининг йирик маърифат маскани бўлган “Бароқхон” мадрасаси билан ҳам танишдилар. Бу мадраса шайбонийлар сулоласи вакилларидан бири — Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) томонидан қурилган бўлиб, 1956–2006 йиллар давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси биноси сифатида ҳам хизмат қилган. Бу тарихий мадраса билан танишиш талабаларнинг диний ва маданий дунёқарашини янада кенгайтирди.



Талабаларнинг зиёрати давомидаги яна бир муҳим манзил — Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Олий Маъҳад) бўлди. Улар институтнинг янги қурилган ва таъмирдан чиқарилган бинолари, замонавий таълим методлари, электрон кутубхона (АРМ), медиа хоналар, мутахассислик кафедралари ва илк бор ташкил этилган магистратура бўлими фаолияти билан яқиндан танишишди.



Айтиш жоизки, сўнгги йилларда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти битирувчилари мазкур Олий Маъҳадга кириш имтиҳонларида юқори натижалар кўрсатиб, талабалар сафига қабул қилинаётгани фахрли ҳолатдир. Бу йилги биринчи курс талабалари ҳам ушбу маънавий-маърифий сафардан катта илҳом ва таъсуротлар билан қайтишди. Улар олий таълимга интилиш, тинимсиз илм излаш ва юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан баҳраманд бўлиш йўлида янада иштиёқ билан ҳаракат қилишга қарор қилдилар.
СаидАзимхон Саидакрамов
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси






